Тошкент Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ва аҳолиси энг кўп шаҳар бўлиб, бу ерда 3 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Пойтахтимиз ҳақли равишда Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази мақомига даъвогарлик қилади. Ўзбекистон ҳукумати ҳақли равишда шаҳарни буткул ўзгартириш ва уни обрўсини яна ҳам ошириш мақсадида «Тошкент Cити» каби мулти-миллиард лойиҳани бошлаб берди. Унга кўра, 2022 йилга бориб битиши лозим бўлган замонавий митти шаҳарчада турли бинолар қад кўтариб, Тошкентнинг бизнес марказ сифатидаги обрўсининг ошишига хизмат қилади. Бизнеснинг ривожи учун инфратузилманинг муҳимлигини инобатга олсак, юқоридаги гапга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Энди эса бир-икки саволлар билан мавзуни давом эттирсак: «Тошкент Cити»га қандай бизнес қилувчи компаниялар кириб келади?
Албатта, юртимизнинг табиий бойлиги кўплигини ҳисобга олсак, нефть ва газ соҳаси, кончилик тизимидаги халқаро компаниялар; аҳолимиз кўплигини ҳисобга олганда эса турли туман маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг кириб келишини тахмин қилишимиз мумкин. Бизнингча, буларнинг ўзигина «Тошкент Cити» учун асло этарли эмас. Кейинги пайтда кўпчилик томонидан унитилаётган ҳолат, бизнингча, «Тошкент Cити»нинг юксак хизматлар кўрсатувчи шаҳар сифатидаги ролидир.
Албатта, хизмат кўрсатиш соҳаси тилга олиниши ҳамоноқ, кўпчилик ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)ни ўйлайди ва улар маълум даражада ҳақлидирлар. Бироқ, ҳамма нарса ҳам ҳозир АКТ билан ҳал этилмайди ва АКТ қилолмайдиган ишлар ҳали ниҳоят даражада кўп. Эътиборингизни қаратмоқчи бўлган соҳамиз бу – Тошкентнинг юридик хизматларни кўрсатиш бўйича минтақавий марказ ҳолига келтиришдир. Ҳуқуқий давлатда ишларнинг қонунларга асосан юритилишида юридик хизматнинг ўрни беқиёс. Айниқса, бизнес-тадбиркорлик юритиш учун лаёқатли юрисконсультларнинг бўлиши жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Уларнинг орасида яна ҳам муҳими, компаниялар орасидаги низоларнинг ҳал этилишидир. Чунки, инсон бор жойда низо бўлади, олди-берди мавжуд жойда эса келишмовчилик чиқади. Бу табиий бир ҳолатдир. Фуқаролик жамиятида эса бундай низоларнинг маданий тарзда, суд ёки бошқа муқобил усуллар орқали ечиш талаб этилади. «Тошкент Cити» учун эса айнан халқаро арбитраж марказининг барпо этилиши муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро арбитраж деганда, давлат судларига муқобил тарзда компаниялар ёки давлат ва компаниялар ўртасидаги низоларни ҳал этувчи ҳакамлик судлари тушунилади. Бизда ҳам 2006 йилдаги «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун асосида бир неча юзлаб ҳакамлик судлари тузилди ва уларнинг кўпчилиги ҳозирда ўз фаолиятини юритмоқда.
Савол туғилади: нега давлатимизнинг иқтисодий судлари бўла туриб бошқа янги шундай арбитраж институтини барпо этиш зарур?
Сабаби:
Ҳаммасидан ҳам муҳими, маҳаллий тадбиркорларимиз узоқ ўлкаларга бориб катта миқдордаги молиявий харажат қилмасдан чет эл фирмалари билан бўладиган низоларни Тошкентда ҳал қилиш имкониятига эга бўлишади. Агар бундай марказни ўзимизда ташкил қилмасак, унда маҳаллий фирмаларимиз чет эллик фирмалар билан тузиладиган шартномада низо ҳал этиш жойини ўша мамлакат (мисол учун, Германия, Хитой ёки Украина) деб белгилашга мажбур бўлишади.
Бошқа томондан, халқаро арбитраж тажрибасининг ички миллий қонунчилигимизга ижобий таъсирини ҳам қайд этиш жоиз. Чет эл элементи қўшилган низонинг юртимиздаги халқаро арбитраж институтлари томонидан кўриб чиқилиши арбитрларимиздаги қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича билим ва тажрибасини орттиради. Процессуал ҳуқуқнинг ҳам такомиллашуви эҳтимоли бор. Чунки, арбитраж асосан тарафларнинг тортишувчанлик принципига асосланган бўлиб, бу ҳолатда англо-саксон тизимининг континентал ҳуқуқ тизимига ижобий таъсир этилиши кузатилади. Бундан ташқари, судьялар мустақиллиги муаммо сифатида кўтарилаётган бир пайтда, ҳуқуқшунослар арбитрлик қилиш орқали мустақил ҳакам сифатида фаолият юритиш малакасига эга бўлишади.
Ўзи бундай лойиҳа зарурми?
Албатта зарур. Чунки, мустақиллигимизнинг 27 йиллиги давомида хусусий ва давлат корхоналари чет элларда жуда қиммат турувчи арбитражларда низоларни ҳал этиш учун қатнашишди, қатнашишмоқда ҳам ва уларнинг бир неча ўн миллион АҚШ доллари тўлаганлиги ҳеч кимга сир ҳам эмас. Шундоқ экан, биз ўзимизда халқаро низоларни кўра оладиган, уларни ўта холис шаклда ҳал этадиган, ўзининг мустақил регламенти, турли миллатлардан ташкил топган кучли арбитрлар жамоаси ва энг замонавий бино ва технологияларга эга бўлган Халқаро арбитраж марказини қуришга мажбурмиз!
Бошқа томондан, 2006 йилги қонун амалиётга тадбиқ этилганидан бери мана орадан 10 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўзбекистонлик арбитрлар, адвокатлар ва компаниялар у ҳақда анча мунча тажриба ҳосил қилишди. Энди эса қўрқмасдан, халқаро арбитражни юртимизда ташкил этиш вақти етиб келди. Бунинг сабабларидан бири, дунёнинг жуда кўп давлатлари, ҳатто қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам халқаро арбитраж тўғрисидаги қонунларини аллақачон қабул қилиб бўлишган. Иккинчи сабаби эса, халқаро арбитражнинг юртимизга кириб келиши иш излаб юрган юристларимиз учун қўшимча даромад манбаи ҳисобланиб, юристлар орасидаги ишсизликнинг камайишига, уларнинг савиясини яна ҳам ортишига сабаб бўлади. Биргина мисол, Англиянинг йиллик юридик хизматлари миқдори мамлакат ялпи миллий маҳсулоти ичида 25.7 миллиард фунт стрелинг деб баҳоланади.
Тасаввур қила оласизми: Англиялик юристлар биргина юридик ҳизматлар учун 25.7 миллиард ишлаб олади, унинг ичида арбитраж ва низоларни бошқа йўллар билан ҳал этиш салмоқли ўрин эгаллашига шубҳамиз йўқ. Шундай экан, нега Тошкентда ҳеч бўлмаса минтақамиздаги халқаро тижорат низоларини ҳал этувчи марказни ташкил қилмаслигимиз керак?!
2006 йилги ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун билан шундай муаммоларни ҳал этсак бўлмайдими?
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди ҳам тузилган. Ушбу мавжуд ҳуқуқий институтлар билан масалани ҳал этсак бўлмайдими? Йўқ бўлмайди. Сабаби эса жуда оддий: 2006 йилги қонун ички арбитраж низоларини ҳал этиш учун қабул қилинган бўлиб, юртимиздан ташқарида юз берган низоларни ҳал этиш масаласини ўз ичига олмаган, яримчала қонундир. Шунингдек, 2006 йилги қонун чет эллик ҳуқуқшуносларнинг юртимизга келиб арбитрлик фаолияти билан шуғулланишига рухсат бермайди. Ваҳоланки, «Тошкент Cити» брендини кучайтириш учун чет эллардан номи чиққан кучли арбитрларни кези келганда юртимизга жалб қилишдан катта фойда бор. Ушбу муаммоларнинг фундаментал ечими сифатида ҳозирда ҳукуматимизда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда ва умид қиламизки, ушбу қонун парламентга киритилиб, қабул қилинади ҳамда юртимиз ва минтақамизда арбитраж соҳасида муҳим аҳамият касб этиш, Тошкентни ҳақиқий манода арбитраж марказига айланишига ёрдам беради.
Аслида, ҳозирда жуда кўп шаҳарлар шундай марказ бўлишга интилмоқда – Деҳли, Москва, Остона, Шанхай, Дубай, Қоҳира, Истанбул ва ҳоказо. Шу сабабли, рақобат муҳити анчагина шиддатли. Албатта, Тошкентнинг Сингапур, Гонконг, Женева, Лондон ёки Париж каби арбитраж соҳасидаги глобал марказлар билан рақобат қилиши ва у ердаги мулти-миллиард низоларни айнан Тошкент шаҳридаги халқаро арбитраж марказига олиб келинишига эришиш – бироз хаёлий масала. Чунки, арбитраж жойининг тайинланишида тараф ҳисобланган компанияларнинг бизнес юритиш жойлари ва уларнинг ҳудудий ёки асосий офислари жойлашган жой ҳам катта роль ўйнайди. Шунга қарамай, Тошкент шаҳри энг камида Марказий Осиё ёки МДҲ давлатлари орасида арбитраж маркази мақомига даъво қилиши учун барча имкониятлар мавжуд деб ҳисоблаймиз.
Тошкентда ростдан ҳам бундай имконият мавжудми?
Ҳа, Тошкентда бундай имконият бор.
Биринчидан, яхши шаклланган хусусий сектордаги юристларимиз бор. Чунки, арбитраж соҳасининг гуллаб-яшнаши учун ўша соҳани юритувчи малакали кадрлар керак. Бизда эса бундай кадрлар (идеал ҳолатда бўлмаса ҳам) мавжуд.
Иккинчидан, Тошкентнинг ҳудудий жойлашуви диққатга сазовордир. У минтақадаги кучли иқтисодиётга эга бўлган Остона, Москва, Шанхай, Истанбул каби шаҳарларнинг ўртасида жойлашган бўлиб, Марказий Осийда тинч ва инфратузилмаси анча яхши ривожланган шаҳар ҳисобланади.
Учинчидан, қўшниларимизнинг ҳаракатчанлигидан ҳам бироз ўрнак олсак: Қозоғистон ҳукумати мана неча йилдирки, Остона шаҳрини Исломий молия марказига айлантириш учун жонини жабборга бериб ҳаракат қилаяпти, алоҳида қонунлар қабул қилиб, чет элдан кучли мутахассисларни қўрқмасдан жалб қилмоқда. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб «Тошкент Cити»ни халқаро арбитраж майдонига айлантиришга биз ҳам бел боғлашимиз керак.
Бошқа томондан Хитойнинг XXI аср ғояси бўлган «Бир макон – бир йўл» (One Belt, One Road) лойиҳаси ҳам Тошкент учун катта тарихий имкониятни вужудга келтирмоқда. Хитойнинг «Бир макон – бир йўл» лойиҳасини бутун дунё юристлари интизорлик билан кутяпти. Ўзбекистон ҳам шу лойиҳани бир бўлагига айланмоқда. Бу лойиҳанинг амалга ошиши юристлар учун янги низолар ва кўплаб арбитраж кейслар дегани – арбитраж ишларида эса жуда катта мабағлар айланади.
Мисол, бир низо бўйича каттароқ компанияга ҳуқуқий хизмат кўрсатган юридик фирма юристи сифатида ишлаган, ҳозирда арбитраж судьяси профессор Роберт С. Пеннинг таъкидлашича, икки йил давомида ойига 500 000 доллардан олиб турган экан. Ҳа ярим миллион доллар, ОЙИГА! Икки йилда – бу 12 миллион доллар дегани.
Қисқаси арбитраж ишлари юристлар учун жуда даромадли. Профессорнинг гапига кўра, «Бир макон – бир йўл» билан боғлиқ низоларни ҳал қилишдан келадиган асосий фойда-улушни Гонконг ва Сингапур арбитраж судлари олиш эҳтимоли юқори экан, чунки улар Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсиридан узоқ ва нейтрал позицияга эга – яъни уларга нисбатан ишонч юқори. Ўзбекистон ҳам бу улушга даъвогарлик қилса бўладими? Бизда ҳам арбитраж судлари ривожланиши учун ҳуқуқий асослар тайёрланаяпти. Ишонамизки, Ўзбекистонда халқаро кейсларни ҳал қила оладиган юқори тоифали арбитрлар ҳам топилади. Географик жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Гонконг ёки Сингапурга қараганда «Бир макон – бир йўл» лойиҳасида марказроқда жойлашган бўлиб, суд иштрокчилари учун қулай ва яқинроқ. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро сиёсатда анча мустақил ўз позициясига эга давлат эканлиги маълумдир. Бу эса, ҳал қилинадиган низоларда Ўзбекистоннинг халқаро арбитраж судларининг холис бўла олишига қўшимча ишонч уйғотади.
Ўзбекистонда халқаро артбитражга яхшироқ этибор берилса, келажакда юристларимиз учун катта даромад манбаига айланиши мумкин. Машҳур юридик фирма сифатида ном қозонган «White&Case»нинг юртимизга келиши ҳам бу ишнинг амалга ошишига анча катта туртки бўлади ва шу билан бирга, юртимиздаги маҳаллий юридик фирмалар учун халқаро низоларни ҳал этиш анчагина арзонга тушади. Энг сўнггиси эса, талабаларимиз учун турли туман мураккаб тижорат низоларини ҳал этувчи юридик фирмаларда малака оширишни Тошкентнинг ўзида туриб амалга ошириш имконини тақдим этган бўламиз. Улар, албатта, ўзларининг келажакдаги карьералари учун Лондон, Париж ёки Гонконгга бориб катта харажатларга тушишларига ҳожат қолмайди. Бу ҳам, ўз навбатида, юридик таълим сифатига тасир этади.
«Тошкент Cити»ни халқаро арбитраж марказига айлантириш учун нималар қилиш лозим?
Париж, Женева, Лондон, Гонконг ва Сингапурдаги халқаро марказларга нега йилига юзлаб ёки минглаб ўта қиммат низоли ишлар келишининг асосий сабаби ҳам, у ердаги маҳаллий судларнинг халқаро арбитраж ишларига нисбатан ўта илиқ муносабат (pro-enforcement regime)да бўлиши ётади. Мисол учун, Сингапурдаги судлар чет эл арбитраж институтлари томонидан чиқарилган қарорларни ижро этишни бекор қилиш ёки рад этиш бўйича мумкин қадар қарор чиқаришмайди. Бу ҳам етмаганидек, иложи борича арбитраж битимининг ҳақиқийлигини тан олиш чорасини кўришади.
Юртимизда ҳам шундай ҳолатнинг юзага келиши учун қуйидагилар таклиф қилинади:
Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (ю.ф.д., проф)
Ҳусайн Ражапов,
Кобе университети (ю.ф.д.)
Manba: azon.uz