Бугун, 11 февраль куни айрим ижтимоий тармоқларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоятининг Бўка туманида итларни қўлга олиш пайтида шафқатсиз муносабатда бўлганликда айбланган видео тарқалди. Вазирлик бу борада расмий баёнот берди.
"Вазият батафсил ўрганиб чиқилган ва шуни айтиш керакки, видео муаллифининг айбловлари асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Бугунги кунда "қутуриш" касаллиги тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари доирасида, эгасиз, уйсиз итлар ушланмоқда. Ушбу тадбир Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария тиббиёти ва чорвачиликни ривожлантириш дирекцияси, Бука тумани ҳокимлиги ва Фавқулодда вазиятлар давлат хизматига кирувчи бошқа хизматлар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Келинг, баъзи тафсилотларга ойдинлик киритайлик. Видео муаллифи гўёки қонга ботган итлар ҳақида гапиради, аммо бу видеода акс этмайди. Бундан ташқари, видео остидаги тавсифда муаллиф уларнинг эгасиз итларни отишни режалаштирганларини таъкидлайди. Аммо бу ҳам исботланмаган. Aксинча, дайди итлар ветеринария экспертизаси учун ушланди. Итлар 5 кун давомида Ободонлаштириш бўлимида сақланади ва агар шу вақт ичида итларнинг эгалари бўлмаса, ҳайвонлар махсус қароргоҳларга ўтказилиб, тўғри парвариш қилинади", дейилади баёнотда.