Миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган шундай бир одат борки, оилада фарзанд вояга етгач, уни иложи борича тезроқ турмушга узатиш, уйлантириш ҳаракатига тушаверамиз. Ўзбек тўй бўлсин дейди, ҳатто қизи эсини танимасдан сеп йиғади, сандиқ тўлдиради, ўғли вояга етмасдан ҳўкиз боқади, жой солади. Балки, барчаси ўта болажон халқ эканлигимиздандир. Аммо, тўйдан аввал фарзандларимиз турмушга тайёрми, ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотишга, бирга рўзғор юкини кўтаришга чоғи келадими, эртага ажрашиб, бегуноҳ фарзандларни етим қолдирмайдими, бу нарсаларни ўйлаб кўришга кўпчиликнинг ҳафсаласи ҳам келмайди. Оқибатда, бузилган оилалар, етим қолган фарзандлар, ўгай оталар ё оналар қўлида эзилиб ўсадиган, аламзада бўлажак оила бошлиқлари, бекалари кўпайиб бормоқда.
2023 йил декабрда Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида кўрилган суд ишида ҳам бир эмас, тўртта ота-онаси тирик бўла туриб етимга айланган фарзандларнинг тақдири ҳал қилинди.
Азиза (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Акмал билан турмуши нега бузилганига ўзи ҳам аниқ жавоб бера олмайди. Эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам ўз ҳақиқатлари бор, аммо ҳамма тан оладиган ҳақиқат шуки, улар биргаликда 17 йил умр кечиришди. Турмушларидан тўрт фарзанд – икки ўғил ва икки қиз туғилиб, болаларнинг каттаси 16 ёшга, энг кичиги 8 ёшга етганида, ажрашишга қарор қилишди. Она тиббиётдан билим олиш, шунингдек фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш важи билан Туркияга кетди. Ота эса онадан алимент ундириш, айни вақтда уларни онасига кўрсатмаслик, телефонда суҳбатлашишларига ҳам қаршилик қилиш билан банд бўлди. Ота-она ўз ғурури, принциплари билан, бир-бирларига қарши далил тўплаш-у, ким ҳақ-у ким ноҳақлиги билан банд эканлар, фарзандлар ўртада сарсон, на отасига, на онасига қайиша олмай ҳалак бўлишди.
Охирида Азиза собиқ турмуш ўртоғини яна судга бериб, фарзандлари билан учрашиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилди.
Судда Азизанинг манфаатларини ҳимоя қилган адвокат аёлнинг жавобгар билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлигини, биргаликдаги турмушидан тўрт нафар фарзанди борлигини, жавобгар билан келиша олмаганлиги сабабли қонуний никоҳдан ажрашганлигини, суднинг қарорига асосан фарзандлари билан учрашув тартиби ва вақти белгиланганлиги, даъвогар ҳозирда табобат илмини ошириш ва фарзандлари таъминоти учун Туркия Республикасига кетганлигини, фарзандлари ўртасидаги масофа узоқлилиги, авиабилет нархлари қимматлиги сабабли ҳал қилув қарорида кўрсатилган вақтларда фарзандлари билан жисмонан учрашиб уларга ғамхўрлик қилишга, уларнинг соғлиғи, тарбияси ва таълими билан шуғулланишга объектив тўсиқ бўлаётганлигини, фарзандлари билан телефон орқали мулоқот қилиш илтимосини жавобгар эътиборсиз қолдирганлигини, айни вақтда фарзандларининг аҳволидан хабар ололмаётганлигини, фарзандлари билан кўпроқ мулоқотда бўлишни хоҳлаётганлигини айтиб, суддан даъвогарнинг фарзанди билан учрашув тартибини ўзгартириб, маълум кунларда телефонда фарзандлари билан видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашиш тартибини белгилашни сўради.
Жавобгар ҳисобланмиш эр эса, даъво аризани қисман тан олмасдан, жавобгар билан қонуний никоҳдан ажрашганлигини, фарзандлари ўзининг тарбиясида қолдирилганлигини, аёлнинг важлари алиментдан ва унга четга чиқишга қўйилган тақиқдан воз кечиш учун келтирилганлигини, унинг фарзандлари учун алимент тўловлардан қарздорлиги мавжудлигини, фарзандлари катта бўлиб қолганлигини ва улар онаси билан суҳбатлашишни хоҳламаслигини билдириб, суддан даъво талабини қаноатлантиришини рад қилишни сўраган.
Ишга жалб қилинган Тошкент шахар Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича шўъбаси мутахассисининг ҳам фикрлари ўрганилган. Суд тарафларнинг баёнотларини тинглаб, Болаларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича шўъбаси мутахассиси хулосасини ҳамда иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, даъво аризани қисман қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар (ота-оналик ҳуқуқлари). Ушбу бобда назарда тутилган ота-оналик ҳуқуқлари болалар ўн саккиз ёшга тўлганларида (вояга етганда), шунингдек вояга етмаган болалар никоҳга кирганларида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда болалар вояга етмасдан тўла муомала лаёқатига эга бўлганларида тугайди. Ушбу кодекс 73-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 76-моддасига кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Болалар билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш болаларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ота-она болалардан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд болалардан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болаларни унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4296-сонли қарорининг 3-бандида оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт эканлиги белгиланган.
Суд мажлисида вояга етмаган тўрт фарзанднинг иштироки ҳам таъминланиб, уларнинг фикри ўрганилди.
Суд аниқланган ҳолатларни инобатга олиб, болалар ҳафтанинг маълум белгиланган кунларида оналари билан телефонда видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашиш тартибини белгилашни лозим топди.
Болаларининг руҳияти, уларнинг келажакдаги камолоти, қандай инсон, қандай ота-она бўлиб етишиши жуда кўп жиҳатдан оилага, айнан ота-онага боғлиқ. Ота-она ўз дарди билан, хаёли фақат маблағ, бир-бирининг ноҳақлигини исботлаш билан банд бўлса, бундай оилада қандай фарзандлар вояга етиши маълум. Шунинг учун ҳам оила деб аталмиш буюк қўрғонни қуришга аҳд қилган ҳар бир йигит-қиз келажакда бир нечта инсонларнинг ҳам ҳаётини белгилаб беришга қўл ураётганларини ёдда сақламоқлари, шунга муносиб ҳаракат қилмоқликлари лозим.
Абдуқодир Ражабов,
фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг судьяси