❗️ Жорий йилда Бухоро вилоятидаги туманлардан бирининг соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 млрд 2 млн сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган.
Дастлаб, умумий сумманинг 30 фоизи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Аммо, туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири қолган 70 фоиз маблағни кўчириб бериш ҳамда келгусидаги харидларни ҳам ушбу МЧЖ орқали амалга ошириш эвазига юқоридаги шартномада кўрсатилган маҳсулотлар умумий қийматининг 15 фоизини, яъни 150 млн сўм миқдорида “улуш” талаб қилган.
🚫 Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағи ҳисобидан 11800 АҚШ долларини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош бўлди.
🔹 Шунингдек, у жорий йилда тумандаги оилавий поликлиникалар ходимлари учун ярмини қайтариш шарти билан жами 448 млн сўм миқдорида рағбатлантириш маблағлари ажратиб, ушбу сумманинг 92 млн сўм қисмини қайта йиғиб олганлиги ҳам аниқланди.
⚖️ Ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди билан, МЧЖ вакилига эса 211-модданинг (пора бериш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.