Кеча, 15 февраль куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида HOWO русумли юк машинаси велосипедчини уриб кетиши оқибатида у вафот этди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 18:00 ларда Чилонзор тумани ТХАЙ-Чорбоғ кўчалари кесишган чорраҳасида HOWO русумли юк автомобили ҳамда бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган 2004 йилда туғилган шахс бошқарувидаги велосипед билан тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ ортидан велосипед ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.