Кипрда ўтказилган шахмат бўйича 2026 йилги Номзодлар турнири ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров учун муваффақиятли якунланди. Мусобақанинг 14-турида Синдаров хитойлик Вей Ига қарши дона сурди.
Турнир якунланишига бир тур қолганда ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик шахматчининг хитойлик рақибига қарши ўйини дуранг натижа билан якунланди.
Ҳар икки гроссмейстер тезкор юришларни амалга ошириб, 32-юришдаёқ муросага келди ва бунинг учун умумий 10 дақиқага яқин вақт сарфлади. Шу тариқа Жавоҳир 2026 йилги FIDE Номзодлар турнирини мағлубиятсиз ўтказган ягона шахматчи бўлди.
Синдаров мусобақани 10 очко билан якунлади. Вей И эса 7 очко жамғаришга муваффақ бўлди ва онлайн жадвалда 3-ўринга кўтарилиб олди.
Ўзбекистонлик шахматчи турнирни мағлубиятсиз якунлади. Шу билан бирга, 14 имкониятдан 10 очко жамғарган ҳолда россиялик Ян Непомняшийга тегишли бўлиб турган рекордни (9,5 очко) янгилади.
Синдаров аввалроқ Номзодлар турнирида 6 та ғалаба қайд этган илк шахматчига айланган эди.