Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани мазмунидаги хабарлар тарқалган эди. Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ушбу хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда пойтахт аҳолиси ўртасида тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кетма-кет қайд этилаётгани бўйича юқумли касалликлар шифохонасидан тезкор хабарномалар келиб тушмаган. Тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб кетяпти, деган хабарлар эса ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Шунингдек, текширувдан ўтмаган ҳолда йўл ёқаларида сотилаётган полиз маҳсулотларини харид қилмаслигингиз, фақатгина ишончли ва рухсат этилган савдо нуқталарида, тўғри шароитда сотилаётган маҳсулотларни истеъмол қилишингизни эслатиб ўтамиз», – дейилади Қўмита муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 4 ёшли боланинг тарвуздан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.