23 ёшли йигит муқаддам судланган бўлишига қарамай, ўзига тегишли хулосалар чиқармаган кўринади. Йўқса, яна шу боши берк кўчага қадам қўймаган бўларди. Гап шундаки, 23 ёшли судланувчи Мирзо Улуғбек туманидаги уйларнинг бири олдида нотаниш фуқарога “телефонингиздан қўнғироқ қилиб олсам майлими?” дея телефонини олади. Сўнг фуқаро чалғигач, жисмоний нуқсон туфайли унинг ортидан қувиб ушлай олмаслигидан фойдаланиб, баҳоси 1.850.000 сўмлик “Samsung A10s” русумли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...
— Бир уйнинг олдига келган вақтимда орқамга қарадим. Нотаниш бўлган бир шахс юриб келаётганини кўрдим. Ёнимда телефоним йўқлиги учун ўртоғимга қўнғироқ қилиш мақсадида ўша фуқародан телефонини сўрадим. Рози бўлиб менга телефонини берди. Унинг олдида қўнғироқ қилиш учун телефон рақам териб, “ҳозир келаман” деганча югуриб кетиб қолдим. У ерда одам кўп бўлгани учун уларнинг орасига кириб тезликда кетиб қолдим. Телефондаги СИМ-картани олиб ташладим ва чўнтагимга солиб қўйдим. Эртасига телефон аппаратини дастурлаш (прошивка) қилдириб, танишимга гаров эвазига қўйиб, номимга олинган қарзларни қоплаб туриш учун бердим. Танишимдан 800.000 сўм миқдорда қарзим бор эди. Телефон аппаратини ҳам шу нархга баҳолаб, “ўзимнинг телефоним”, деб берганман. Бироқ отаси телефон олиб қочилгани тўғрисида маълумотга эга бўлганини билиб, гаровдаги телефонни танишимнинг қўлига 100 АҚШ доллари бериб, ундан қайтариб олдим. Сўнг телефонни олиб ИИБ ходимларига олиб бориб бердим. Ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш олишди. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Бу жиноятни қарзларим кўпайиб кетгани, пул керак бўлгани учун қилдим.
Жабрланувчи эса судда қуйидагиларни гапириб берди...
— Кўчага айлангани чиққандим. Телефонда танишим билан гаплашиб кетаётганимда нотаниш шахс олдимга келиб, “қўнғироқ қилиб олай”, деди. Яхшилик қилиш мақсадида телефонимни бериб турдим. Блокка солинган паролни очиб бердим. Рақамни теришни бошлади, бир муддат кўзимни узиб бошқа томонга қараганимдан фойдаланди. У томонга қараганимда телефонни олиб қочиб кетаётганди. Уни югуриб қувишга жисмоний қобилиятим йўқлиги сабабли унинг ортидан югира олмадим. Узоқлашиб, кўздан йўқолди. ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Рақамимга қўнғироқ қилганимда телефон ўчирилган эди. ИИБга ариза билан мурожаат қилдим.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Баходир Каюмов:
— Судланувчи Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2021 йилдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 4 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.