Гумонланувчилар яширин онлайн-казинолар ва ноқонуний букмекерлик идоралари манфаатлари йўлида қонунга хилоф операцияларни амалга ошириб, пул маблағларини легаллаштириш билан шуғулланган.
Тошкент шаҳрида халқаро кибержиноятчилар гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Мутахассислар Миробод туманида жойлашган уйлардан бирини кўздан кечирган. Тадбир давомида 9 минг доллар эвазига бинoни ижарага олиб, у ерда ноқонуний фаолият юритган 52 нафар фуқаро қўлга олинган.
«Ушбу гуруҳ аъзолари яширин онлайн-казинолар ва ноқонуний букмекерлик идоралари манфаатлари йўлида банк карталари орқали ноқонуний пул ўтказмаларини амалга оширган. Бошқача айтганда, улар пул маблағларини ювиш операциялари билан шуғулланган», — дейилади ИИББ хабарida.
Ашёвий далил сифатида 110 минг доллар нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та мобиль телефон ва Starlink сунъий йўлдош интернетининг учта қурилмаси олиб қўйилган.
Катта Миробод кўчасидаги бошқа манзилда яна бир ноқонуний фаолият юритган колл-марказ аниқланган. 2 минг доллар эвазига ижарага олинган бинода 20 нафар фуқаро қўлга олинган.
«Ушбу гуруҳ аъзолари бошқа жиноий схема асосида ишлаган. Улар интернет орқали ўзларини аёл киши сифатида таништириб, эркаклар билан танишган, уларнинг ишончига кирган ва турли баҳоналар билан пул маблағларини қўлга киритган», — дейилади хабарда.
Мазкур манзилдан 24 та ноутбук, битта планшет, 52 та мобиль телефон ва тўртта Wi-Fi роутер ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
ИИББ маълумотига кўра, ҳар бир гуруҳда вазифалар аниқ тақсимланган: раҳбар, бошқарувчи, операторлар ва қўриқчилар.
Ушбу гуруҳлар фаолияти орқали 576 минг долларлик криптоактивлар айланмаси амалга оширилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.