Пойтахтда яшовчи 70 ёшли Тамара Т.нинг аҳволи оғирлиги сабабли, бу ҳолатга бефарқ бўла олмаган фуқаронинг “Не молчи.уз” лойиҳаси раҳбарига қилган мурожаати Тошкент шаҳар ИИББга келиб тушди.
Тамара Т. Мирзо-Улуғбек туманидаги маҳаллада набираси билан яшайди. Унинг яшаш шароити оғирлигига гувоҳ бўлганлар ҳамда ёрдам кўрсатган кўнгиллиларнинг айтишларича, Тамаранинг набираси спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, бувисини парвариш қилмас экан.
Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ 3-сон ички ишлар бўлими ходимлари Тамара яшайдиган уйда бўлишди. Ҳақиқатан ҳам унда саломатлиги билан боғлиқ муаммолар бор: юзада чуқур яра, кўриш қобилияти ёмонлашган ва тиббий ёрдамга жуда муҳтож. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар “тез ёрдам” чақириб, Тамара Т.ни Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказига жойлаштиришда ёрдам бердилар.
Бундан ташқари, унинг эски паспортини янги нусхадаги биометрик паспортга алмаштириш масаласи ҳал қилинмоқда. Бунинг учун хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматига мурожат қилиб, Тамара Т.га ёрдам беришларини илтимос қилишди.
