Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Мирзо Улуғбек туманида ноқонуний фармацевтика фаолиятига чек қўйилди.
Текширувда фуқаро А.А.А. икки нотурар жойда яширин (“яма”) цех ташкил этиб, рухсатсиз антисанитария шароитида йирик ҳажмда дори воситалари ишлаб келаётгани аниқланди. Мазкур объектлар холислар иштирокида кўздан кечирилганда қуйидагилар аниқланди:
493,96 кг миқдорда дори воситаларини тайёрлашда ишлатиладиган турли хил кукунсимон хомашё (масалан, “Фаниган” дори воситаси мисолида: ҳар бир таблеткаси 550 мг ҳисобланганда 850–900 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради),
180,62 кг ва 2993 қути қўлбола усулда тайёрланган таблетка ҳамда капсула кўринишидаги дори воситалари,
133 дона флаконда “Урсосан” ёзувли тайёр дори воситалари.
Натижада тахминий қиймати 150 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 19 дона тиббиёт ускуналари (станок), шунингдек, 21 дона темир қолип, 132 дона рулонда штрих-код (чоп этиш учун мўлжалланган қоғоз), 2 та рулонда “Нейромидин” ва 1 та рулонда “Парацетамол” дори воситасининг штрих-коди босилган ёрлиқлар, этикеткалар ва қўлланмалар аниқланди.
Шунингдек, объектдан бир дона “RAIKAL” номли пневматик қурол ҳам топилди. Мазкур қурол, кўринишидан спорт ёки ўқув мақсадларига мўлжаллангандек туюлса-да, амалда инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши, ҳатто ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин. Бундай воситалар ноқонуний муомалада жиноятчилар қўлига тушса, у фирибгарлик, талончилик ёки бошқа ҳуқуқбузарликларда восита сифатида ишлатилиши эҳтимоли юқори.
Таъкидлаш лозимки, қўлбола услубда тайёрланган дори воситалари инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши, аллергик реакциялар, заҳарланиш ва оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, яширин ишлаб чиқариш иқтисодиётга катта зарар келтириб, солиқлар ва божхона тўловларининг йўқотилишига сабаб бўлади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда.