Тошкентда МДҲнинг II халқаро статистика форуми ўтказилади.
Мазкур Форум Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда 150 дан зиёд қатнашчилар, жумладан, МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси раҳбарияти, МДҲ Ижроия қўмитасининг вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Статистика бўлими директори, БМТ ЕИК Статистика бўлими директори ҳамда 20 га яқин хорижий давлатлар статистика идораларининг биринчи раҳбарлари ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этмоқда.
Форумнинг асосий мақсади – статистика соҳасида рақамли технологияларни кенг қўллаш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш, рақамли трансформация шароитида статистик жараёнларни модернизация қилиш, расмий статистикани шакллантириш учун муқобил маълумотлар манбалари, шу жумладан, катта ҳажмли маълумотлар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Форум доирасида кун тартибидаги барча масалалар муҳокамаси билан бирга Статистика идоралари раҳбарлари, МДҲ Статистика қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда экспертлари учрашувлари МДҲга аъзо давлатлар статистика хизматлари раҳбарлари кенгашининг 70-йиғилиши ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз: мазкур Форум МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган “МДҲда статистикани ривожлантириш” дастури доирасида ўтказилиб келинмоқда. Дастлабки, I халқаро статистика форуми 2023 йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган.