Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентда "жиян операцияси" фош бўлди

Тошкентда "жиян операцияси" фош бўлди

Ҳаммаси Севарага (исм-шарифлар ўзгартирилдиовсини қўнғироқ қилишидан бошландиИккиси анча пайт ҳол-аҳвол сўришишгач, овсини ўғли 9-синф­ни битираётганини айтиб қолди.

– Билими ўртача, лекин таржимонликка қизиқади. Сиз Тошкентдай шаҳри азимда яшайсиз. Шу жиянингизни ўша ёқдаги чет тилларга ихтисослашган бирор лицейга жойлаштирсангиз. Бир суриштириб кўринг, – деб илтимос қилди.

Севара эрининг ҳурмати учун рози бўлди. Ўйлаб кўрса, ўзининг танишларидан биронтаси ҳам хорижий тилларга ихтисослашган лицейда ишламаскан. Шундан сўнг амакисининг қизи Нодирадан таниш топишни илтимос қилди. Нодира сўраб-суриштириб бошқа йўналишдаги академик лицейлардан бирида қашқадарёлик йигит бош ҳисобчи бўлиб ишлашини аниқлади.

Ўтган йили ёзнинг бошлари эди. Аслиддин энди ишхонадан чиққанида, олдига бир хушрўйгина жувон келиб, салом бериб:

– Сиз қашқадарёлик Аслиддин акамисиз? – деб сўради.

– Ҳа, ўша одамман. Келинг, синг­лим, хизмат?

– Аслиддин ака, бир вилоятдан эканмиз. Ўғлим лицейга кирмоқчи эди. Шунга телефон рақамингизни берсангиз, қабул қачон бошланишини, қанақа ҳужжатлар кераклигини сўраб турардим, – деди.

Бу аёл фақат шунинг учун телефон рақамини сўрамаётганини Аслиддиннинг кўнгли сезди. Лекин ўзини сезмаганга олиб, уяли телефон рақамини берди.

Орадан ўн кунлар ўтиб, Нодира унга қўнғироқ қилди. Ўзини таништиргач: «Бир кўришиб, ҳалиги масалада гаплашиб олсак», – деди. Улар Талабалар шаҳарчасидан ўтган йўл ёқасидаги озиқ-овқат дўконлари яқинида учрашишди. Бу сафар Нодира ўзи билан Севарани ҳам бошлаб келган эди. Уни ўзининг жияни деб таништирди. Сўнг яна ўғлининг ўқишидан гап очди.

– Билими кучли бўлса, кириб кетади. Ўғлингиз ўз билими билан кирса яхши бўларди, – деди Аслиддин.

– Киролмаса-чи? Ёрдам бериб бўлмайдими? Хизмат ҳақи қанчага айланади? – дея мақсадга ўтди Нодира.

– Хоҳласангиз, ўзим ишлайдиган лицейга 500 долларга киритиб қўйишим мумкин, – Аслиддин ҳам энди очиқчасига гапирди.

– Ўғлим чет тилларга қизиқади-да, – дея кўнмади Нодира.

– Унда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг 2-сонли академик лицейига 1500 долларга гап­лашиб беришим мумкин.

Нодира билан Севара бу таклифни ўйлаб кўришларини айтиб, хайр­лашишди. Севара Аслиддиннинг хатти-ҳаракати ноқонуний эканини тушуниб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Яшнобод тумани бўлимига мурожаат этди...

Эртаси куни Нодира Аслиддинга қўнғироқ қилиб, унинг таклифига рози эканлигини, атаганини бериб қўймоқчилигини айтди. Келишувга кўра Аслиддиннинг ишхонаси яқинида учрашишди. Аслиддиннинг машинасига ўтириб, олди-берди қилишди. Севара қора целлофан пакетга жойланган пулни узатишдан олдин сўради:

– Жиянимнинг ўқишга киришига неча фоиз кафолат берасиз?

– Юз фоиз! – деди Аслиддин шоша-пиша. – Юз фоиз ишонаверинг! Бу пулларни жиянингизни ўқишга киритадиган тегишли одамларга бериб қўяман. Ҳужжатларини эртадан топшираверсин.

Сўнг пул солинган пакетни машинанинг ғаладонига солиб қўйди. Кейин нима бўлганини сезиб тургандирсиз? Ҳа, департамент ходимлари автомашина олдига келиб, бўлиб ўтган иш тафсилотлари ҳақида суриштиришди. Аслиддин Севарадан жиянини академик лицейга ўқишга киритишни ваъда бериб, 1500 АҚШ доллари олганига иқрор бўлди.

Суд Аслиддинга жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг айбига иқрорлигини, пушаймонлигини, муқаддам судланмаганини, зарар мавжуд эмаслигини, қарамоғида турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди борлигини, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифланишини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди. Шунингдек, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблади. Яна бир қанча омиллар назарда тутилиб, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 168-моддасининг (Фирибгарлик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Албатта, ушбу жиноят юз бермаслиги ҳам мумкин эди. Унинг содир этилишида Нодира билан Севаранинг ҳам «улуши» бор, назаримизда. Чунки Аслиддиннинг нафсини қитиқлаган аслида иккаласи-ку. Агар Севара ўз вақтида бу ҳақда ўйлаб кўрганида, Нодира билан бирга «атагани»ни бериш учун бормаганида, жиноятнинг олди олинган бўларди, бир инсон шаънига «судланган» деган тамға босилмасди. Майли, бу ёғи уларнинг виждонига ҳавола. Бу билан Аслиддинни оқлаш фикридан йироқмиз. Боиси, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон қонунга мувофиқ иш тутиши, инсоф-диёнатини унутмаслиги лозим.

 

Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман суди судьяси.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.

Киритилди: 09:45 12.01.2020. Ўқилди: 5918 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!