Тошкентнинг Юнусобод туманида биринчи жамоат яшил парки очилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу парк бир пайтлар хароба, қаровсиз бўлган ҳудуд ўрнида ташкил этилмоқда. Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги ушбу парк ҳудуди 2020 йилгача ташландиқ ҳолатда бўлган. Ҳозирда эса 1200 дан ортиқ дарахт ва 23 минг туп буталар экилиб, 7,5 гектар майдонда яшил боғ барпо этилмоқда.
Пойтахтдаги биринчи яшил жамоатчилик парки шовқин-сурондан холи, экологик талабларга тўлиқ жавоб беради. Ҳудудда ўзига хос атиргул боғи барпо қилинмоқда, табиий кўл яратилади, қушлар учун инлар қурилади. Ҳамма йўлаклар тошлардан, ўриндиқлар эса қуриган дарахтлардан, яъни тўлиқ табиий материаллардан қилинади. Шунингдек, йил давомида кетма-кет гуллайдиган ўсимликлар экилади ва бу паркнинг доимий кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, жамоат паркига кириш мутлақо бепул ва истаган киши ҳордиқ чиқариши мумкин. Парк ҳудудида чиқинди ташлаш қатъий тақиқланади (чиқиндиларни фақат паркка кириш ва чиқиш жойида ўрнатилган чиқинди қутиларига ташлаш лозим), бу эса ҳудуднинг экологик тоза масканга айланишини таъминлайди.
Хабарда айтилишича, парк тўлиқ Европа, жумладан, Япония тажрибаси асосида барпо қилинмоқда, бу ерда фақат маҳаллий иқлимга мос дарахтлар экилмоқда.