Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 февралдаги 59-Ф-сон фармойишига асосан, Тошкент шаҳрида 12 та ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилди. Саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқхона хўжаликларидан атмосферага ташламаларни камайтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳларга вазирлик ва идоралардан жами 150 нафардан ортиқ мутахассислар жалб қилинди.
Ишчи гуруҳ томонидан саноат корхоналари, иссиқхоналар ва атмосферага зарар етказиши мумкин бўлган бошқа объектлар фаолияти доимий ўрганиб борилмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг январь — август ойларида 1452 объект хатлов қилинди, 174 та тунги рейд тадбири ўтказилиб, 281 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди. 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида судга ариза киритилди, 179 та қонун бузилиш ҳолати бартараф этилди. Шунингдек, 11 та замонавий қозон, 19 та фильтр ва 12 та чанг тозалаш ускуналари ўрнатилди.
Давлат раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги 81-сонли Фармонига мувофиқ, ҳар бир йирик саноат корхонаси ҳудуди ва қўшни ҳудудларда “Яшил белбоғ”лар барпо этилмоқда. Шу мақсадда 2025 йилда йирик қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва бошқа 1–2-тоифага мансуб 60 та корхона томонидан 200 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилди. Баҳорги мавсумда 79 490 туп кўчат экилди.
Бундан ташқари, яр йили икки босқичда ўтказиладиган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида (10 апрел – 10 май) Тошкентда 40 050 та автотранспорт воситаси текширилди. Уларнинг 586 тасида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори меъёрдан ортиқлиги аниқланиб, белгиланган тартибда камчиликлар бартараф этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атмосферага 4,7 минг тонна зарарли ташламалар чиқарилишининг олди олинди. Бугун эса Тошкентда "Тоза ҳаво" ойлигининг иккинчи босқичи бошланди (10 сентябрь – 10 октябр).
Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, зарарли омилларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.