Тошкент вилояти Оҳангарон туманида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига тегишли патруль автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Вилоят ИИББ ЙҲХБ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 23 июль куни соат 05:00 ларда Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган А373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 39-километрида «Gentra» ва «Cobalt» русумли транспорт воситалари иштирокида ЙТҲ юз берган.
Воқеа содир бўлган жойга ЙҲХХ ходимлари «Lacetti» русумли хизмат автомобилида етиб бориб, ЙТҲни расмийлаштириш ва ушбу жойда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида патруль автомобилини маёқларини ёққан ҳолда қатнов қисмининг ўнг бўлагига жойлаштирган.
Шундан сўнг, 2001 йилда туғилган Р.А. «HOWO» русумли юк автомобилини «Тошкент-Олмалиқ» йўналишида бошқариб келиб, тажрибасизлиги ҳамда эътиборсизлиги туфайли «Lacetti» русумли патруль автомобилини ён қисмига бориб урилган.
ЙҲХБ хабарига кўра, ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳаракат иштирокчиларининг соғлиғига зиён етмаган. Ҳозирда иккала йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.