Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг “ЦСКА” клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев фаолиятини Туркия Суперлигаси вакили — “Башакшеҳир” жамоасида давом эттириши мумкин.
Туркиялик клуб футболчининг трансфери учун “ЦСКА”га 7,5 миллион евро тўлашга рози бўлди. Шунингдек, келишувда қўшимча шартлар бажарилганда 2,5 миллион еврогача бонуслар ҳам назарда тутилган. Масалан, Файзуллаев Туркия чемпионатида бир мавсумда 10 та гол урса ёки Конференциялар Лигасида нишонани топса, бу сумма амалга ошиши мумкин.
Vesti.kz нашри туркиялик манбаларга таяниб хабар беришича, Аббосбек Файзуллаев тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган ва яқин кунларда унинг трансфери расман эълон қилиниши кутилмоқда. Янги жамоасида унинг маоши бир неча баробарга ошиши кутилмоқда — агар “ЦСКА”да йилига 100 минг евро ишлаган бўлса, “Башакшеҳир”да бу сумма 1 миллион евродан ошиб кетиши айтилмоқда. Бундан ташқари, у бонус тўловларига ҳам эга бўлади.
Маълумот учун, Аббосбек Файзуллаев 2023 йилдан буён “ЦСКА” сафида тўп суриб келади. У жамоа таркибида 72 учрашувда қатнашиб, 8 та гол ва 22 та ассист қайд этган. Шу билан бирга, Россия Кубоги ва Суперкубоги ғолибига айланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати ҳозирда 8 миллион еврога баҳоланмоқда.