Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Spark уриб кетиши оқибатида 22 бош қўй нобуд бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Воқеа 19 октябрь куни соат 05:00 ларда D 017 Олмалиқ—Тошкент автомобиль йўлининг 17-километрида содир бўлган. 1998 йилда туғилган Д.Ш. Spark автомобилини бошқариб кетаётганида қатнов қисмида бўлган қўйлар подасини уриб юборган.
Ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатиб, тушганидан сўнг автомобилда ёнғин келиб чиққан.
Ҳодиса натижасида ҳайдовчининг соғлиғига зиён етмаган. Spark тўлиқ ёниб кетган.
Ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.