Тошкент туманининг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
“Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Тошкент туман бўлимининг 2020 йил 6 октябрдаги 371-сон хабарнома хатига биноан қуйидагиларни маълум қиламиз:
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ “Қодирия гидроэлектростанциялар каскади” унитар корхонасининг 2020 йил 5 октябрдаги 02-07/631-сон хатига асосан, “Қодирия ГЭС” (3-ГЭС) тўлиқ қувватда ишлаши учун 3-ГЭС канали суви 20 кун муддатга тўхтатилиши ва янги 3-ГЭСга уланиши талаб этилади. Шу муносабат билан Қибрай тумани ҳокимлиги, Қибрай ирригация бошқармаси, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан деривация канали суви 2020 йил 7 октябрь куни ўчирилиши белгиланди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2020 йил 7 октябрдан 2020 йил 27 октябрь кунига қадар янги қурилган 3-ГЭСга улаш ишлари олиб борилиши муносабати билан, Бўзсув деривация каналида сув тўхтайди ҳамда “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ “Қодирия” марказий сув иншоотида ичимлик суви ишлаб чиқариш ишлари 20 кун муддатга тўхтатилади.
Ушбу вақт давомида Тошкент туманининг ичимлик суви таъминоти “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ туман бўлими томонидан таъминланадиган 24 та маҳалла ҳудудларида, жумладан, “Айриота”, “Авлиёота”, “Аҳиллик”, “Боғбон”, “Ғишткўприк”, “Дархон”, “Ибрат”, “Қашқарлик”, “Кенсой”, Қирариқ”, “Қорасарой”, “Кўктерак”, “Қурувчи”, “Мустақиллик”, “Раҳбаробод”, “Ойдин ҳаёт”, “Сағбон”, “Саноат”, “Сарке”, “Сирғали”, “Тинчлик” ва “Учсада” маҳаллалари аҳолисининг ичимлик суви таъминоти 2020 йил 7 октябрдан 2020 йил 27 октябрь кунига қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатилади.
Айни вақтда туман ҳокимлиги, “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ туман бўлими томонидан ичимлик суви тўхтатиладиган аҳоли яшаш пунктларини Тошкент шаҳар ичимлик суви тармоғидан тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда махсус транспортлар ёрдамида жадвал асосида ичимлик сув етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Туман аҳолисидан ушбу давр мобайнида истеъмол қилиш учун тоза ичимлик суви захирасини яратиш сўралади.
Қўшимча маълумот ва мурожаат учун “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Тошкент туман бўлими диспетчерлик хизмати телефон рақами: 95 145-01-99", дейилади маълумотда.