Кечадан бошлаб ҳудудимизга нисбатан совуқ ҳаво оқими кириб келиши бошланди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида шамол деярли кузатилмаяпти. Хусусан, кечаси (+3…+5°C) ва кундузи (+11…+15°C) орасидаги кескин ҳаво фарқи эрталабки туман ва ҳаво инверсиясини шакллантиришга сабаб бўлди. Айни дамда шаҳар нисбатан салқин ҳаво массаси таъсири остида бўлиб турибди, ёғингарчилик кутилмаяпти.
Ушбу метеорологик омиллар таъсирида атмосферанинг ерга яқин қатламларида ҳаво алмашиниши секинлашди, бу эса ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чекламоқда. Шу муносабат билан ҳозирги вақтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалар (PM2.5 ва PM10) консентрациясининг ошиши кузатилмоқда.
Синоптиклар прогнозларига кўра, эртадан бошлаб кутилган ёғингарчиликлар ҳаво сифати кўрсаткичларининг яхшиланишига олиб келади.