Бугун 29 август, 2025 йил, жума

O'ZB

Тошкент метрополитенида ишдан бўшатилаётганларнинг тақдири нима бўлади?

Тошкент метрополитенида ишдан бўшатилаётганларнинг тақдири нима бўлади?

Бугунги кунда Тошкент метрополитенида кўплаб бекатларда чипта сотиб олиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган банкоматлар ўрнатилмоқда. Шу сабабли касса оператори лавозимидаги ходимларга бўлган талаб камайиб бормоқда. Шу муносабат билан ёпилган кассалардаги оператор лавозими иш ўринлари босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Жумладан, биринчи босқич доирасида 204 та касса оператори лавозим штатлари белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қисқартирилди.

Юқорида таъкидланган автоматлаштирилган банкоматларни метрополитеннинг барча бекатларида йил якунига қадар ўрнатиш режалаштирилган ва бунинг натижасида, Тошкент метрополитенида касса оператори ва катта оператор лавозимларига бўлган эҳтиёж қолмайди ҳамда ушбу лавозимлар тўлиқ тугатилиши маълум қилинади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, ишдан бўшатилган 204 нафар касса оператори ва бошқа ходимларнинг тақдири нима кечади? "Тошкент метрополитени" ДУК маъмурияти ишдан кетган ходимларга ўз истак ва имкониятларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўрганиш курсларида иштирок этиш таклиф қилинишини маълум қилди. Яъни улар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва шу каби бошқа йўналишлардаги курслардан бирини танлаш имкониятига эга бўладилар. Аммо бу ечим дегани эмас. Тайёр ишлаб турган, маош олиб турган ва бу билан рўзғорини тебратаётган ходимни ишдан бўшатиб, "сен мана бу касб-ҳунарни ўрганишинг мумкин", дейиш ходимга нисбатан адолатсизлик. Ушбу ўқув курсларининг тўловлари белгиланган тартибда "Тошкент метрополитени" ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилиши ҳам ечим эмас. Чунки бошқа касб-ҳунарни ўргангунча вақт талаб қилинади, бу орада ходим даромадсиз қолади. Энг аҳамиятли томони, касб-ҳунар ўргангандан кейин ҳам иш топа оладими, йўқми, номаълум. Агар ишдан бўшатилган ходим бошқа иш топгунига қадар доимий моддий таъминлаб турилса, бошқа гап. Аммо бизда бу ҳам жуда қийин.

Хуллас, қулайлик, замонавийлик яхши, аммо бу туфайли қанчадан-қанча ходимлар ишидан айрилиши ачинарли ҳолат. Бу борада бирор-бир самарали ечимни топиш керак, бизнингча. Ахир бугун юртимизда инсон қадри улуғланаётган бир пайтда инсон манфаати замонавийликдан устун бўлиши керак.

Киритилди: 12:07 28.08.2025. Ўқилди: 878 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!