Бугун 25 ноябрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Тошкент аҳолиси ит-қассоби устидан шикоят қилди

Тошкент аҳолиси ит-қассоби устидан шикоят қилди

Октябр ойи бошида "Тонг" маҳалласи аҳолиси итларни сўяётган эркакга нисбатан чора кўришни сўраб, шикоят қилишди, деб хабар беради "Меҳр ва оқибат" ҳайвонларни ҳимоя қилиш нодавлат жамияти ўзининг Телеграмдаги саҳифасида.

Шикоятчиларнинг сўзларига қараганда, эркак бу ваҳшийликни ўз хонадонига уланиб кетган ўраб олинган ҳудудда амалга оширган. Хусусан, 5 октябр куни бу ҳудудда 2та ит юрганини кўришган бўлса, 6 октябр куни итлар бирданига ғойиб бўлган.

Шунингдек, аризачилар, бир ҳафта олдин эркак бу ҳудудга қўшниларга тегишли иккита итни алдаб чақириб олгани ва ўз ҳовличасида боғлаб қўйгани, аммо буни кўрган болалар шовқин кўтаришгани ва эркак шу туфайли жониворларни қўйиб юборишга мажбур бўлганини баён этишган.

Жамият вакиллари 7 октябр куни ушбу маҳаллага йўл олишган ва ушбу аризани ёзган ҳайвонларни ҳимояловчи фаоллардан бири билан суҳбатлашишган.

Участка нозири ва маҳалла раиси биргаликда ушбу итлар сўйилган, деб тахмин қилинган ҳудудга киришган. Эркакнинг айтишича, тунда кимдир калиткани синдириб, жониворларни ўғирлаб кетган экан.

Ҳудуд кўздан кечирилганида, катта қозон тургани аниқланган. Маҳалла раиси бу қозон нима учун кераклигини билмаслигини айтган, эркакнинг ўзи эса маҳаллада маросимлар бўлганида шу қозонда ош дамлашини маълум қилган.

Эркак ҳеч қачон бу ҳовличада ҳайвон ушламаганини айтиб, онт ичган, итларни эса ҳовлига мушук мўраламаслиги учун олиб келганини қўшимча қилган.

Ҳозирча ўлдирилган жониворлар эгаларидан ариза йўқлиги туфайли, ушбу ишни судга оширишнинг имкони йўқ, деб ёзади "меҳр ва оқибат" жамияти.

Участка нозири ва маҳалла раиси томонидан агар шу ҳудудда яна бир марта кимдир итни кўрадиган бўлса, эркакка нисбатан жазо тайинланишини айтиб, огоҳлантиришган.

Жамият жониворларга озор етказиш ҳолатларига гувоҳ бўлган барча фуқароларни жим турмасликка ва бу ҳақда тезкорлик билан хабар беришга чақириб қолган..

Хабарларни +998 93-812-04-13 телефон рақами орқали қолдириш мумкин.

"Шунингдек, сизларни ит гўштидан таом тайёрланадиган кафелар манзиллари ҳақида хабар беришларингизни кутиб қоламиз. Биз ҳаммамиз бир бўлсак, итларга нисбатан бундай ваҳшийликни тўхтата оламиз", - дейилади жамиятнинг фуқароларга мурожаатида.

Киритилди: 11:35 30.10.2020. Ўқилди: 3330 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!