Тошкент халқаро аэропорти учиш залининг “стерил” ҳудуди яна 2 минг квадрат метрга кенгайтирилди.
Uzbekistan Airports матбуоит хизматининг маълум қилишича, янги майдон кутиш залининг чап томонида, Арт базар савдо нуқталаридан кейин очилди.
Лойиҳага кўра, ушбу залда ўриндиқлар билан жиҳозланган кенг кутиш ҳудуди ҳамда фуд-корт ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда E-auksion.uz платформасидаги савдолар натижаларига кўра иккита компания билан шартномалар тузилган.
Қайд этилишича, қўшимча залнинг қурилиши умумий жўнаш залини B5-B6-B7 чиқиш йўлаклари билан улаш имконини берди. Бундан ташқари, келажакда келаётган ва кетаётган йўловчилар оқимини ажратиб турувчи алоҳида галерея ва пастки залдан бортга чиқиш йўлакларини очиш мумкин бўлади.