Жиззах вилояти Зарбдор тумани Ойбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Б.Ў. ўғирлик жиноятини содир этганида қилмишидан биров хабар топмаслигига умид қилганди. Аммо сири ошкор бўлиб қолгач, Россия Федерациясига жуфтакни ростлаб қолди. Шу тариқа 2019 йилнинг 29 декабрида унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Зарбдор тумани суди томонидан қидирув эълон қилинди.
Айбланувчи у томонларда бир йил изғигач, ҳаммаси унут бўлгандир, деган илинжда республикамизга қайтди. Б.Ў. қачондир қўлга тушишини тахмин қилганди, аммо уни Жиззах вилояти ИИБ ходимлари аэропортда кутиб туришини хаёлига ҳам келтирмаганди. Пойтахт аэропортида қўлга олинган Б.Ў. вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Энди у жавобгарликдан қочганлиги учун ҳам жазога тортилади.