Биатлон бўйича икки карра Олимпиада чемпиони германиялик Лаура Дальмайер Покистондаги тоғларда тош қулаши оқибатида ҳалок бўлди.
Бу ҳақда DPA агентлиги спортчининг оиласига таяниб хабар берди.
Уларнинг сўзларига кўра, Дальмайер ўз васиятномасида вафот этган тақдирда жасадини тоғларда қолдиришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли спортчини қутқариш бўйича операция 29 июлдан бери давом этиб, у 28 июль куни Қорақўрам тоғларида тахминан 5,7 минг метр баландликдаги Лайла чўққисига чиқиш чоғида тош қулаши остида қолиб кетган эди.
Дальмайер Пхёнчхандаги 2018 йилги ўйинларда спринт ва таъқиб пойгаларида ғолиб чиқди, шунингдек, индивидуал пойгада учинчи ўринни эгаллади. У етти карра жаҳон чемпиони, 2017 йилда Катта Кристал Глобус ғолиби бўлди.