27–29 ноябрь кунлари Тожикистоннинг Хатлон вилояти, туманлари ва Душанбе шаҳрида атмосфера ҳавосининг чанг билан ифлосланиш даражаси ошиши кутилмоқда. Ҳавода муаллақ заррачалар, жумладан, PM10 ва PM2,5 миқдори кўпайиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Гидрометеорология агентлиги маълум қилди.
Синоптиклар прогнозларига кўра, бунга жануб ва жануби-ғарбдан кириб келадиган чанг бўрони ва туман сабаб бўлади.
Ҳавони ифлослантирувчи энг хавфли заррачалардан бири — PM2,5 ҳисобланади. Уларнинг диаметри 2,5 микрометрдан ошмайди. Ўлчами жуда кичик бўлгани сабабли улар ўпканинг чуқур қисмларигача етиб бориши, энг майда заррачалар эса қон айланиш тизимига кириши мумкин. PM2,5 заррачаларининг таъсири юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари хавфининг ортиши билан боғлиқ.
PM10 — диаметри 10 микрометргача бўлган заррачалардир. Улар қаторига чанг, қурум, тупроқ заррачалари, қурилиш материаллари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар киради.