Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудуди Жанубий Қозоғистон устидаги юқори циклон билан боғлиқ бўлган салқин ва нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади, дея хабар беради Ўзгидромет.
Бугун куннинг биринчи ярмида Навоий вилояти шимолида, кечга томон, эртага кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Фарғона водийси вилоятларида 16 сентябрь кечқурундан 19 сентябрь эрталабгача танаффус билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда бутун иш ҳафтаси давомида танаффус билан ёмғир ёғиши кутилмоқда. 16 сентябрь куни айрим тоғли ҳудудларда ёмғир кучли ёғади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва ҳафта ўртасига келиб 20-25 даражани ташкил этади. 19 сентябрдан салқин ҳаво массалари республикамиз ҳудудидан чекина бошлайди ва ҳарорат 2-3 даражага кўтарилади.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда: асосан ёғингарчилик кутилмайди, фақат 15 сентябрда кечқурун, 16 сентябрда кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шимоли-шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати: бугун 27-29 даража бўлади, 16-18 сентябрда 20-25 даражагача пасаяди, 19 сентябрда 25-27 даража бўлади.