Келаси йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 41 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
“2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 41 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобидан янги шифохоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш, мавжуд қувватларни кенгайтириш, тиббий кўрик қамровини кенгайтириш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари бу соҳадаги асосий вазифа – бирламчи бўғинда тиббиёт сифатини ошириш эканини таъкидлади. Бунинг учун вазирлик вертикалини ҳудудларда тўғри ишлатиш, айниқса, чекка ва оғир туманларга эътиборни кучайтириш вазифаси қўйилди.
“Бу бўйича туркиялик экспертлар 6 та ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолияти ва улардаги кўрсатилаётган тиббий хизматлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматларини тизимли ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Мутасаддиларга бу масалани чуқур таҳлил қилиб, бирламчи бўғин трансформацияси бўйича қарор лойиҳаси тайёрлаш топширилди”, — дейилади хабарда.