Тиббиётда хусусий сектор улуши ортишидан давлат ҳам, аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам манфаатдор. Шу сабабли бу соҳага катта имтиёзлар берилмоқда.
Бироқ бундай имкониятлардан фойдаланишда, аввало, қонун талабларига қатъий амал қилиниши шарт! Акс ҳолда, бунинг учун жавобгарлик чоралари белиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган сифатида мазкур соҳада доимий назорат ишларини олиб бормоқда.
Ана шундай ўрганишлардан бирида “INTERMED INNOVATION” МЧЖ томонидан Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида жойлашган 3-сон оилавий поликлиника биносида лицензиясиз тиббий фаолият олиб борилгани аниқланган.
Шундан сўнг мазкур МЧЖга молиявий жарима белгиланиб, вазирликнинг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалардан иборат қарори қабул қилинган.
Аммо “INTERMED INNOVATION” ушбу талабларни бажармай, бошқа қатор манзилларда ҳам ўз ноқонуний фаолиятини лицензия олмасдан давом эттириб келган.
Оқибатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент туманлараро иқтисодий судига “INTERMED INNOVATION” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февраль куни берилган 043023-сонли лицензияни бекор қилиш ва 90 миллион сўм жарима ундиришни сўраб ариза киритган.
2023 йил 4 май куни суд бу талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Ўз навбатида, бу қарордан норози бўлган жавобгар — “INTERMED INNOVATION” Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди (иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати) га Апелляция шикояти киритган.
Бироқ мазкур апелляция шикояти қаноатлантиришдан рад этилган ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган ҳамда шу йил 31 май кунидан қонуний кучга кирган.
— Шундан келиб чиқиб, “INTERMED INNOVATION” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февралда берилган лицензия расман бекор қилинганини маълум қиламиз, — дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов. — Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Лицензия” ахборот тизими орқали реестрга тегишли ёзув киритилган.