Бугун 17 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФАОЛИЯТИНИ  ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида ”Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт. Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” - дея таъкидлаган эди.

Шу мақсадда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Жиноят аломатларини ва жиноят содир этган шахсларни топиш, жиноят иши юзасидан далил тариқасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш мақсадида илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда, зарур чоралар кўриш юзасидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув фаолияти натижалари муҳим ўрин тутади.

Жиноятчиликка қарши курашиш тарихи гувоҳлик беришича, оғир ва ўта оғир жиноятларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш ва фош этиш, яширинган жиноятчиларни қидириб топиш учун фақат ошкора жиноят-процессуал ва бошқа воситалар етарли бўлмасдан, бошқа самарадор воситаларни қўллаш тақозо этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун нафақат содир этилган жиноятларни фош этиш, балки жиноий ҳодиса ва жараёнлар ривожланиши устидан назорат ўрнатиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу билан бирга, амалдаги Жиноят-процессуал Кодекси мунтазам такомиллаштириб борилаётганига қарамасдан, суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари тизимда баъзи бир камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан, қонунчиликда тезкор-қидирув фаолияти, унинг натижаларидан фойдаланишга оид нормаларнинг мукаммал эмаслиги, тезкор-қидирув фаолияти давомида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, қонунчиликда бўшлиқлар мавжудлиги, бир қатор муаммо, камчиликлар ва баҳсли ҳолатлар борлигини кўрсатди.

Бундан ташқари, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан жиноятчиликни олдини олиш, содир этилаётган жиноятларни тезкорлик билан очиш, мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш юзасидан амалга ошираётган салмоқли ишларини қайд этиш баробарида, мазкур фаолиятини амалга оширувчи айрим ҳодимлари томонидан фаолият натижасида ушланган шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминламаслик, тезкор-қидирув тадбирида иштирок этган бошқа шахсларнинг қўштирноқ ичидаги “Сайи ҳаракатлари” натижасида шахсни жиноят содир этишга ундаш орқали гўёки тезкор маълумотлар асосида тезкор тадбир ўтказиш, бунинг натижасида бир шахсни жиноятчига айлантириш билан ўзлари олдига қўйилган режани бажариш, жиноячиликка қарши курашда самарали фаолият юритаётгандек кўрсатиш ҳоллари юзасидан фуқароларнинг ҳақли эътирозлари учраб турибди.

Мазкур ҳолатлар жиноятларни тез ва тўла очиш, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этиш, жиноят ишини қонуний, асосли ва адолатли якун топиши, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга нисбатан ишончи сусайиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келишига сабаб бўлмоқда ҳамда ушбу институт такомиллаштиришга муҳтож эканлигини кўрсатмоқда.

Тезкор-қидирув фаолиятида қонунчиликка риоя этиш, маълумотлар олиш жараёнлари анча ёпиқ тарзда ташкил этилгани сабабли унинг қонунийлиги, амалга ошириш жараёнида қонунчиликка риоя этилиши, маълумотларнинг ҳақиқийлиги юзасидан жуда кўп саволлар туғилишига сабабчи бўлмоқда.

Айнан шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, “Хабеас Корпус” институтини янада кенгайтириш, суриштирув ва дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш муҳим саналади.

Халқаро ҳуқуқ ва хорижий амалиётда ўзининг ижобий натижасини бераётган амалиётни миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда қонунчилигимизга имплементация қилиш ўзининг ижобий натижасини беради.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши ислоҳотларнинг тарихий аҳамиятга эга бўлган босқичи бўлди.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилмоқда.

Тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида амалиётда сақланиб қолаётган инсон ҳуқуқлари бузиш ҳолатлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган эди.

Фармондан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 18 февраль куни имзоланган Қонунга асосан Жиноят-процессуал Кодексига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра агар тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари фақат қонун талабларига мувофиқ олинган бўлса, ушбу Кодекс нормаларига мувофиқ текширилган ва баҳоланганидан кейин ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ёки тезкор-қидирув тадбирида иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлганлигидан далолат берса, ушбу натижалар далил сифатида тан олиниши мумкинлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан айрим ҳолатларда гумон қилинувчидан, айбланувчидан ёки судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ёки кўрсатувлар ўзи истаган вақтда, хеч қандай рухсатсиз олиниб келинган бўлса, эндиликда жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилиши, бундан белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар мустасно этиб белгиланди.

Қонунга ўзгартиш киритилгунга қадар гумон қилинувчи ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқи мавжуд эди. Янги ўзгартишга кўра эса у амалда ушланган ёки жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган ёхуд унинг гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқи таъминланиши аниқ ва лўнда қилиб белгиланиб, шахсларнинг ҳуқуқлари чекланиш ҳолатларига барҳам бериш, иш сифатини ва тезқор-қидирув тадбирларини амалга ошираётган ҳодимлар масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, исбот қилишда қўйидагилар таъқиқланди:

- шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш;

- шахсни жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, бундан экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар мустасно;

- шахсга унинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;

- ушланган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;

- мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида процесс иштирокчиларини суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва (ёки) сўроқ қилиш, бундан улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд бўлган ҳоллар мустасно эканлиги белгиланди.

Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартишларни кенг тарғиб қилиш, унинг ижросини амалда таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимлари томонидан қонун талабларига қатъий амал қилиш, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган ҳодимларга нисбатан кескин чоралар кўриш орқали фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончини ошириш, мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим омил саналади.

Муҳтарам Президентимизнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда, жамиятда “Одиллик мезони” ҳисобланган судлар чинакам мустақилликни намоён этиб, ишларни кўришда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амлга оширувчи органлар томонидан моддий ва процессуал қонун нормаларига оғишмай амал қилишлари устидан талабчанликни кучайтириш, Жиноят процессуал Кодекси талаблари асосида олинган, далиллар мақбуллиги шартларига тўла мос келадиган далилларни суд қарорларига асос қилиб олиш, қонун талаблари бузилган ҳолда олинган далилларни эса номақбул деб топиш, фуқароларнинг асоссиз равишда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши, уларни ҳуқуқлари чекланиш ҳолларига жиддий муносабат билдириб бориш, ҳар бир қонун бузилиши юзасидан мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масала ҳал этиш, уларга имкон берган сабаб ва шароитлар синчиклаб ўрганиш, хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чоралари кўриб бориш лозим бўлади.

Зеро, буюк Бобокалонимиз Амир Темур айтганларидек «Юз кунлик тоат-ибодатдан бир кунлик адолат яхшироқдир».

Зафаржон Расулов,

Судьялар Олий мактаби тингловчиси

Киритилди: 22:42 02.06.2021. Ўқилди: 4820 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!