"Ўзэнергоинспекция" Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида Термиз туманида жойлашган "С. Й." фермер хўжалигига қарашли сув чиқариш насоси электр ҳисоблагичдан ташқари уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 433,6 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.