Бугун 14 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Тергов ва суд ишларига аралашганлик учун жавобгарликни оғирлаштирувчи Қонун қабул қилинди

Тергов ва суд ишларига аралашганлик учун жавобгарликни оғирлаштирувчи Қонун қабул қилинди

Ушбу Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 24 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2026 йил 19 майда маъқулланган. Қонунга Президент Ш. Мирзиёев 2026 йил 11 сентябрда имзо чеккан (№ ЎРҚ-1176).
Қабул қилиниш сабаби. Ҳужжатда таъкидланишича, мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарлик чораларини аниқлаштириш зарурати юзага келган.
1-модда — Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш (236-модда). 236-модда матни янги таҳрирда баён этилди:
Тергов қилишга аралашиш, яъни муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчига, терговчига ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни муайян ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга ёки халқ маслаҳатчисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридаги ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2-модда — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча (180-модда). 180-модданинг диспозициясида «суд мажлиси пайтида» деган сўзлардан кейин «ёки суд биносида» деган сўзлар билан тўлдирилди. Яъни, судга ҳурматсизлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик энди нафақат суд мажлиси пайтида, балки суд биносида содир этилган ҳаракатлар учун ҳам қўлланилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Киритилди: 14:32 13.09.2026. Ўқилди: 641 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!