Роскомнадзор маълумотлар базасидаги қайдга кўра, Telegram Россияда ўз расмий ваколатхонасини очиш «мувофиқлаштириш босқичида». Бу ҳақда Hi-Tech Mail.Ru хабар берди.
Бу қадам Россияда 2022 йилда қабул қилинган ва «приземление тўғрисидаги қонун» деб аталадиган талабларни бажариш доирасида амалга оширилмоқда. Унга кўра, йирик хорижий IT-компаниялар:
Россияда филиал очиши,
Роскомнадзор сўровларига жавоб бериши,
Веб-сайтида мурожаатлар учун алоқа шаклини жойлаштириши шарт.
Telegram ушбу уч талабдан иккитасини аллақачон бажарган:
— Роскомнадзор сайтида шахсий кабинет очган,
— Мурожаатлар учун махсус форма жорий этган.
Бир йил аввал эса "Медуза" нашри таъкидлаганидек, мессенжер бу талабларнинг ҳеч бирини бажармаган эди.
Ваколатхона очишга доир келишув жараёни қачон бошлангани ҳозирча номаълум. Telegram асосчиси Павел Дуров бу хабарга ҳали изоҳ бермаган. Роскомнадзор ҳам расмий баёнот билан чиқмади.
📵 1 июндан бошлаб Россияда янги қонун кучга кирди:
давлат идоралари, маркетплейслар ва шу каби ташкилотларга хорижий мессенжерлар орқали мижозлар билан мулоқот қилиш тақиқланди.
Ушбу чекловлар фонида расмийлар "Мах" деб номланган миллий мессенжерни (VK томонидан ишлаб чиқилган) фаол тарғиб қилмоқда.
Айни пайтда Telegram ва WhatsApp каби оммабоп мессенжерлар Россияда блокланиши мумкинлиги ҳақида медиаларда ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар давом этмоқда.