Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Париждаги Лувр музейида содир бўлган ўғирлик ҳақида фикр билдириб, Франция ҳукуматини ҳақиқий муаммолардан эътиборни чалғитаётганликда айблади.
«Луврдаги талон-тарождан умуман ҳайрон бўлмадим. Бу ҳукумат ҳақиқий таҳдидларга дуч келиш ўрнига одамларни хаёлий хавф-хатарлар билан чалғитиш санъатини такомиллаштирган, бир вақтлар буюк бўлган давлатнинг таназзулга учраганининг яна бир қайғули белгисидир», — деб ёзди миллиардер Америкадаги X ижтимоий платформасидаги саҳифасида.
19 октябрь куни дунёдаги энг йирик ва машҳур санъат музейларидан бири — Луврда ўғирлик содир бўлди. Жиноятчилар “Апполон” галереясига — қироллик тақинчоқлари сақланадиган бўлимга — дереза орқали кириб, икки витринани синдирган ва дастлабки маълумотларга кўра, камида тўққизта зебу-зийнат буюмини ўғирлаб кетишган.
Тергов маълумотларига кўра, ўғирлик фақат 4–7 дақиқа давом этган.
Ўғирликдан кўп ўтмай, музей яқинидаги кўчада Наполеон IIIнинг рафиқаси, императрица Евгениянинг тоҷи топилган. XIX асрда яратилган бу тошбаанд тошлар билан безатилган тошли тожда олтин бургутлар, 1354та олмос ва 56та зумрад борлиги маълум қилинган. Аммо у синган ҳолда аниқланган.
Лувр — дунёдаги энг йирик ва машҳур музейлардан бири бўлиб, Париж марказида, Сена дарёси қирғоғида жойлашган.
Дастлаб XII асрда қирол қалъаси сифатида қурилган, XVIII аср охирида музейга айлантирилган.
Музей коллекциясида 35 мингдан зиёд санъат асарлари сақланади. Улар орасида Леонардо да Винчининг «Мона Лиза», «Венера де Мило» ва «Самотракия Никаси» каби жаҳон маданияти дурдоналари мавжуд.