Теҳронда АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидларига жавоб сифатида минтақадаги инфратузилма объектлари ва кўприкларга зарба берилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Эроннинг юқори лавозимли расмийсига кўра, агар АҚШ Эроннинг кўприклари ёки энергетика объектларига ҳужум қилса, Теҳрон ҳам минтақадаги инфратузилма ва кўприкларга, жумладан, Вашингтон манфаатдор бўлган энергетика объектларига зарба беради.
Аввалроқ Дональд Трамп Эрон Ҳормуз бўғозидаги кемаларга ҳар бир ҳужум уюштирган тақдирда, АҚШ жавоб тариқасида биттадан кўприк ёки электр станциясини йўқ қилишини маълум қилган эди.
Эроннинг Tasnim агентлигига суҳбат берган манбанинг таъкидлашича, сўнгги ўн кун ичида АҚШ Эрон зарур деб ҳисоблаган нуқталарга зарба бериш имкониятига эга эканига ишонч ҳосил қилган бўлиши керак.
Расмий, шунингдек, Трамп томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилса, бу унинг «яна бир бор шарманда бўлишига» олиб келишини айтди.
Бундан ташқари, Эрон вакили Теҳрон Ҳормуз бўғозида ўз суверен ҳуқуқларини амалга ошириш ниятида эканини ва уни назорат қилиш борасидаги «қатъий иродаси»дан воз кечмаслигини билдирди.