Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Тасодифан амалга ошган ва инсоният тақдирини ўзгартирган 5 кашфиёт

Тасодифан амалга ошган ва инсоният тақдирини ўзгартирган 5 кашфиёт

Айтишларича, Д.Менделеев кимёвий элементлар даврий жадвалини тушида кўриб тузган экан. Лекин буюк олим бу ҳақда бировга айтмаган, қолаверса, жадвал устида узоқ йиллар ишлаганини таъкидлаган. Бироқ дунёни ўзгартириб юборган баъзи бир кашфиётлар борки, улар тўсатдан рўй берган ва ҳозирда бизнинг ҳаётимизни ушбу “кутилмаган” ихтироларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

1. Темир-бетон

1867 йилда Парижда бўлиб ўтган Бутунжаҳон кўргазмасида франциялик боғбон Жозеф Монье ўзининг ўсимликлар учун темир тайёқчалар билан мустаҳкамланган бетон найчасини тақдим этди. Монье Тьюилри оранжереясида ишларди ва апельсин дарахтларини парвариш қиларди. Ёзда цемент қувурларда турган ўсимликлар кўчага чиқариларди. Қишда эса улар иссиқхонага киргизилар, ҳарорат ўзгариши туфайли идишлар ёрилиб кетарди. Уларни мустаҳкамлаш мақсадида Монье қолипга темир таёқларни ўрнатишни бошлади. Боғбон темир ва цемент билан ўхшаш тажрибалар ҳақида эшитган бўлиши мумкин. Лекин у маҳсулотларни фақат новдалар билан эмас, балки темир сим билан мустаҳкамлашга қарор қилди. Ўз изланишлари давомида Монье тик чизиқ бўйлаб, ҳам ётиғига ўрнатилган симлар мустаҳкамликни таъминлашга эришди.

2. Нобель мукофоти

1888 йилда Франция газеталарининг бирида Альфред Нобелнинг ўлими билан боғлиқ  “Ажал савдогари ўлди” сарлавҳали таъзиянома эълон қилинди. Ушбу қайғули хабар ноўрин чоп этилган эди. Чунки Канн шаҳрининг шифохоналаридан бирида Альфреднинг туғишган акаси Людвиг Нобель бу дунё билан видолашганди. Динамит ихтирочиси ушбу некрологни ўқигач, авлодлар хотирасида бир умр  “Ажал савдогари” сифатида эслаб қолинишини хоҳламади ва ўзининг мулкини дунё бўйича илм-фан соҳасидаги ютуқларга эришганларни рағбатлантирувчи махсус фондга васият қилиб қолдирди.

3. Синмайдиган шиша

1903 йилда француз мусаввири, ёзувчи, бастакор, олим Эдуард Бенедиктус кимёвий тажриба ўтказаётганда, бехосдан колбани полга тушириб юборди. Бенедиктусни ҳайратга қолдириб, юпқа буюм шишаси ёрилди, аммо синмади. Аниқланишича, колбада қолган нитроцеллюлоза эритмасининг қолдиқлари қуриб, уни “қоплаб олган” экан. Ўша йиллар автомашиналарда оддий ойна ўрнатилган бўлиб, авариялардаги синиқ парчалари ҳайдовчи ва йўловчиларнинг жароҳат олишига сабаб бўлаётганди.

Газетада эълон қилинган автоҳалокатни ўқиган Бенедиктус яна бир тажрибага қўл урди ва ўртасида нитроцеллюлоза қатламидан иборат икки табақали ойна ишлаб чиқарди. Қиздириш натижасида целлюлозани эритиб, табақларни бир-бирига маҳкам бириктирди. Ҳосил бўлган қатламни олим “триплекс” номи билан патентлади ва 1919 йилда Генри Форд биринчилардан бўлиб унинг ойнасини машиналарига ўрнатишни бошлади.

4. Наркоз

1844 йилда кимёгар олим Колтон тажрибада оксид азотнинг таъсирини синаб кўраётган жараёнда одамни гангитадиган газ (азот оксиди) таъсири остида бўлган бир талаба оёғини синдириб, оғриқ сезмагани стоматолог Хорас Уэллснинг эътиборини тортди. Уэллс ушбу тажрибани ўзида қўллай бошлади. У чала оксиддан нафас олиш жараёнида ҳамкасбидан ўзининг тишини суғуриб олишни сўради. Оғриқсиз ўтган операциядан сўнг врач беморларга газ дозасидан бера бошлади.

Кунларнинг бирида Уэллс ушбу газ таъсирини омма олдида намойиш қилмоқчи бўлди. Лекин доза кам берилганлиги боис бемор оғриқдан чинқириб юборди. Тажриба муваффақиятсизликка учраб, залда тўпланганлар Уэллсни масхара қилишди. Ушбу усулни жорий қилиш бўйича кейинги уринишлар ҳам муваффақиятсиз ўтди. Боз устига, оғриқ сезмаслик учун ўша даврда хлорофор ва эфир қўлланиларди. Синовларга дош бера олмаган Хорас Уэллс гангитадиган газдан ўзи қабул қилиб, ўзининг сон артериясини кесиб юборади.

Доктор Колтон  анестезия тарихи бошланган тажрибасидан 20 йил ўтиб, оғриқсизлантиришнинг Уэллс услуби аввал Америкада, кейинчалик Европада муваффақиятли жорий қилина бошланди.

5. Ботокс

1987 йилда Ванкувердаги хусусий клиникаларининг бирида  кўз доктори (офтальмолог) Джин Каррутерс беморга бошқа дориларга қўшиб ботулотоксин эритмасини инъекция орқали юборади. Аслида эритма блефароспазм аломати, яъни кўзларнинг ғайриихтиёрий равишда ёпилиб кетмаслигига қарши қилинган восита эди.

Бирмунча вақтдан сўнг бемор докторнинг олдига келиб, яна битта инъекция қилишини сўрайди. Доктор зарурат йўқлиги тўғрисида тушунтирганда, бемор уколдан кейин унинг кўзлари тиниқлашиб, нигоҳи ёшарганини айтади.

Доктор Каррутерс ўша клиникада дерматолог бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи Алистер Каррутерсга ботулотоксинни ажинларга қарши “дори” сифатида синаб кўришни таклиф қилади. Джин ўзи ва клиника маъмури Кейти Суонн ботоксни тиббиёт дориси сифатида эмас, балки ажинларни силлиқлаш ниятида клиниканинг биринчи касалларидан бўлиб синаган.

Сизда ҳам эшитган ёки кўрган тасодифлар орқали келиб чиққан янгиликлар бўлса, биз билан бўлишинг!

Manba: zarnews. uz

Киритилди: 06:00 08.03.2020. Ўқилди: 5958 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!