Эстониялик ҳарбий эксперт Йенс Столтенбергни "сотқинликда" айбламоқда. Собиқ бош котиб вазиятга ойдинлик киритди.
Эстония Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими ва "The Baltic Sentinel" нашри бош муҳаррири Меэлис Ойдсалу NATO'нинг собиқ бош котиби Йенс Столтенбергнинг хотираларига тақриз эълон қилди. Унда муаллиф Столтенбергни 2021 йилда, Украинадаги уруш бошланиши арафасида Болтиқбўйи мамлакатларига "хиёнат" қилганликда айблади.
Китоб тахминан ярим йил аввал нашр этилган бўлса-да, Ойдсалунинг танқидий чиқиши айнан ҳозир пайдо бўлгани эътиборни тортди. Ушбу мақола тез орада минтақавий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вазиятга Латвия Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, буни "NАТОга қарши дезинформация ҳужуми" дея баҳолади. Юзага келган шов-шувлар ортидан Йенс Столтенберг ўз китобида айнан нималарни назарда тутганини алоҳида тушунтиришга мажбур бўлмоқда.