Мамлакатимизда “Ташаббусли бюджет” билан боғлиқ жараёнлар такомиллаштирилиб, “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили жорий этилди. “Менинг йўлим” лойиҳаси “Ташаббусли бюджет” биринчи мавсуми билан қўшиб ўтказилиши белгиланди.
2024 йилда “Ташаббусли бюджет” жараёнларида умумий ажратилган маблағлар миқдори 5,7 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 1,2 триллион сўмга ёки 26 фоизга ошди.
Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Мажлисда “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ғолиб деб топилган лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан масъул вазирлик ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Жорий йилда “Очиқ бюджет” порталига фуқаролар томонидан келиб тушган жами 63 мингдан ортиқ лойиҳадан 52 мингдан зиёди (яъни 83 фоизи) туман ишчи комиссиялари томонидан овоз бериш жараёнига ўтказилган. Овоз бериш якунларига кўра, 5,6 триллион сўмлик қарийб 4,8 мингта лойиҳа ғолиб деб топилган.
Ғолиб бўлган лойиҳаларнинг 1 минг 686 таси (35 фоиз) ички йўлларни таъмирлаш ва 1 минг 446 таси (30 фоиз) мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари ҳиссасига тўғри келган.
Амалдаги тартибга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорига асосан туман (шаҳар) бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан 56 лойиҳа учун қўшимча равишда маблағ ажратилиб, ғолиб сифатида эълон қилинган.
Мажлисда “Ташаббусли бюджет” жараёнларини амалга оширишда айрим муаммолар ва камчиликларга йўл қўйилганига ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги аэропорт бино ва иншоотларини таъмирлаш лойиҳаси ҳамда Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Беруний истироҳат боғига 42 метр баландликдаги Чархпалак ўйингоҳи қуриш лойиҳаси тадбиркорлик хусусиятига эга бўлишига қарамай, овоз бериш босқичига ўтказилган. Ушбу лойиҳалар энг кўп овоз олган ҳолда ғолиб деб топилгани кескин танқид қилинди.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан “1282” рақамли ишонч телефонига жами 74 шикоят келиб тушган. Ушбу ҳолатлар юзасидан таъсирчан чоралар кўриш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Мажлисда 2024 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 1-мавсуми доирасида ғолиб деб топилган 993 лойиҳа бўйича қурилиш ва харид қилиш жараёнлари ҳанузгача давом этаётгани юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.
Мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.