Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида атоқли ўзбек ёзувчиси Ойбек ва рафиқаси Зарифахоним Саидносирова ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган «Барҳаёт чинор» спектаклида ёзувчининг қийинчилик кўрган йиллари билан боғлиқ воқеалар ҳам акс этган.
Спектаклда салбий қаҳрамон Абдуғани Ойбек домлага туҳмат қилади ва йиллар ўтиб ўз диссертацияси учун имзо қўйдиришга келади. Шунда ҳалол ва мард ёзувчи ҳеч иккиланмай имзо қўяди.
Мазкур саҳна асарида Абдуғани ролини театрнинг маҳоратли актёри Санжар Исломоҳунов ижро этган. Актёр спектаклда ишлаш жараёнлари ҳақида сўзлаб ўтди:
«Пьесани илк бор ўқиганимда персонажга озгина эътирозим бўлди, конфликт суст яратилганди. Кейин постановкачи режиссёр билан ишлаш жараёнида ва асарни саҳнага олиб чиққанимизда воқеалар анча кескинлашди. Абдуғани ҳасадгўй одам, у Ойбекка туҳмат қилади. Мен салбий ролларни кўп ижро этмаганман, бироқ мазкур спектаклни мутахассислар, қолаверса, жамоа яхши баҳолади. Демак мақсадимизга етибмиз.
Ойбек домланинг ҳаёти ва ижодий меросини янада чуқур ўргандим ва ҳурматим ошди. Театрда тарихий драмалар кўпроқ саҳналаштирилиши лозим. Ижодий фаолиятимдаги битта орзуим бу Бобур шахсини саҳнада яратиш, яна кўплаб тарихий спектаклларда ишлашни ният қилганман!»
Ўзбекистон ёш томошабинлар театрда тарихий жанрда Алишер Навоий, Абдулла Қодирий асарлари асосида спектакллар яратилган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган.