Бугун 19 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Талабаларга ягона форма жорий этиладими? Вазирлик расмий баёнот берди

Талабаларга ягона форма жорий этиладими? Вазирлик расмий баёнот берди

Ижтимоий тармоқларда гўёки барча университет ва институт талабалари учун ягона талаба формаси жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва нотўғри талқин этилаётганини маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, аслида тарқалган хабар асос қилиб келтирилаётган ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамадаги қарор лойиҳасига илова қилинган “Олий таълим ташкилоти брендини яратиш тўғрисидаги низом” бўлиб, мазкур низом ҳар бир олий таълим ташкилотининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи бренд ва имиж концепциясини шакллантиришга хизмат қилиши назарда тутилган. Низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

“Аксинча олий таълим муассасалари ўзининг тарихи, вазифаси, маданий қадриятлари ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос корпоратив услуб ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бунга таълим ташкилотларининг индивидуал имижини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қаралиши лозим”, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга бўлиб, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ. Яъни, мазкур низом лойиҳаси доирасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий тартибда талаб қилиш умуман назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, корпоратив услуб ва бренд элементлари (логотип, ранг схемаси ва ҳ.лар) шакллантириш ташаббуси университетларни нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ёндашув дунё тажрибасида ҳам таълим муассасаларининг маркетинг стратегиясининг муҳим қисми сифатида қаралади.

“Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади”, дейилади хабарда.

Вазирлик барча ахборот манбаларини масъулият билан ёритишга чақиради ва расмий маълумотларга таяниб ҳаракат қилишни тавсия этди.

Киритилди: 09:49 18.05.2025. Ўқилди: 690 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!