Тошкент шаҳрида 17 май куни тушдан кейин чанг бўрони кузатилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Пўлатов шаҳар аҳолисини безовта қилган бу табиий ҳодиса бўйича мутахассис фикри асосида тушунтириш берди. Бу ҳақда Daryo хабар берди.
Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти докторанти Батир Халмуратовнинг фикрига кўра, Тошкентда чанг бўронининг юзага келишига бир нечта омиллар сабаб бўлган. Энг асосий сабаб — салқин шимолий ҳаво оқими ва жанубдан кириб келаётган иссиқ ҳаво массасининг тўқнашуви, босимнинг ноодатий ортиши ва кескин шамол кучайишидир. Бу ҳаво массалари ўртасидаги кескин ҳарорат фарқи кучли шамолни келтириб чиқарган.
Кучли шамол ўз навбатида қуриган тупроқдан ва очиқ ер майдонларидан чанг заррачаларини кўтариб, ҳаво муҳитига тарқатди. Натижада шаҳарнинг турли нуқталарида кўриш масофаси қисқариб, нафас олиш қийинлашган. Об-ҳаво шароитини ўрганувчи экспертлар бу ҳолатни “фронтал тўқнашув” деб атайди. Яъни совуқ ва иссиқ ҳаво массалари бир жойда тўқнашганида атмосфера беқарорлашиб, кучли шамол ва чанг кўтарилиши эҳтимоли кескин ортади. Айнан шу жараён Тошкентда булутли осмон, чақмоқ ва қисқа муддатли ёғингарчилик билан бирга кечди.
Тошкентда чанг бўрони пайтида Нукус шаҳрида ҳаво нисбатан барқарор эди. У ерда фақат салқинлик ва енгил шамол кузатилган. Мутахассисларнинг қайд этишича, Нукусда чанг бўрони кузатилмаганига сабаб шамол тезлигининг етарлича кучли эмаслиги, тупроқнинг намлиги ёки чангга бой бўлмаган ҳудудлар устидан шамол ҳаракатлангани бўлиши мумкин.