Можаронинг дастлабки кунларида тўқнашувлар бу икки давлат ўртасидаги чегара чизиғининг шимолий қисмида кузатилаётган эди. Эндиликда маҳаллий оммавий ахборот янги жанубий фронт очилгани ҳақида хабар бермоқда.
Жанглар Таиланднинг денгизбўйидаги Трат ва Чантхабури провинцияларида олиб борилмоқда. Бу ҳудудлар Бангкокдан атиги 200 км, машҳур Паттая курортидан эса 150 км узоқликда жойлашган.
Маълумотларга кўра, Камбоджа армияси Трат провинциясида давлат чегарасини ёриб ўтишга уринган, бироқ Таиланд кучлари уларни орқага қайтарган. Таиланд бунинг учун ўзининг ҳарбий-денгиз кучларини ҳам сафарбар қилган.
Прэаҳвиҳеа ибодатхонаси атрофидаги баҳсли ҳудуд сабаб Таиланд ва Камбоджа ўртасида юзага келган навбатдаги ҳарбий тўқнашувлар натижасида ҳозиргача 30 га яқин киши ҳалок бўлган. Чегараолди ҳудудлардан тахминан 130 минг киши эвакуация қилинган.