Декабрь ойи охирида ФТВ телеканалида машҳур «Х-Factor» телешоусининг супер финали бўлиб ўтди. Дастур «UzReport» ахборот агентлиги томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, PayMe тўлов тизими ва Procter & Gamble трансмиллий компанияси кўмагида ташкил этилди.
Маълумот учун, шоу учун кастинглар Ўзбекистоннинг бешта йирик шаҳри – Самарқанд, Наманган, Бухоро, Хоразм ва Тошкентда бўлиб ўтди. Унда 6 мингга яқин иштирокчи қатнашди. Танловнинг бир неча босқичларидан сўнг телеканал орқали жонли эфирда 12 нафар вокалчи мамлакатнинг энг яхши ижрочиси номи ва бош соврин 100 миллион сўм учун кураш олиб борди. Эксперт ҳакамлар ҳайъати рўйхатидан таниқли санъаткорлар: Лола Йўлдошева, Иброҳим Аҳмедов, Равшан Комилов ва хонанда Жасминлар ўрин олди.
Ёрқин концерт чиқишларидан иборат бўлган теледастур доирасида лойиҳанинг иқтидорли иштирокчилари ва ўзбек эстрадаси юлдузлари саҳнада куйлашди. Арманистонлик ва россиялик қўшиқчи, Украинанинг "Х-Factor" лойиҳасининг 7-мавсуми ғолиби Севак Ханагян шоунинг махсус меҳмони бўлиб, ўзининг энг яхши қўшиқларини ижро этди.
Таъкидлаш жоизки, суперфинал давомида лойиҳа иштирокчилари томонидан Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг экологик муаммолари, Орол фожиаси ва атроф-муҳитга ҳурмат туйғусини оммалаштиришга бағишланган клип намойиш этилди.
Шоу финалига уч нафар иқтидорли ёш ижодкорлар – Шоҳжаҳон Ҳалимхонов, Хайринисо Акбарова ва Жавлон Сапаевлар йўл олди, уларнинг икки нафари эса суперфиналда ўзаро куч синашди. PayMe тўлов тизими орқали оммавий овоз бериш натижаларига кўра суперфиналда хоразмлик хонанда Жавлон Сапаев ғалаба қозонди.