Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрел куни иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда хусусий секторни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони эса 1 минг 685 тани ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум таъминланди. Ер участкаларини сотиш ҳажми ҳам изчил ошиб, 6 триллион сўмлик натижага эришилди.
Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизими жорий этилиб, вилоятларда 2,6 триллион сўм, маҳаллаларда эса 7 миллиард сўм маблағ қолди. Давлат корхоналари эса бюджетга 49 триллион сўм дивиденд тўлади. Умуман, сўнгги беш йилда хусусийлаштириш ҳисобидан давлат корхоналари сони 60 фоизга камайди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги кўрсатиб ўтилди.
Энг аввало, хусусийлаштириш жараёнларида иш ўринларини сақлаб қолиш, янги мулкдорлар томонидан замонавий технологиялар жорий этилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилиши бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ўтган йили самарасиз ишлаётган давлат корхоналарининг сони 362 тага етгани бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни талаб қилади.
Тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида замонавий рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилди. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилди. Шу муносабат билан давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорлигини баҳолаш ва муаммоларни барвақт аниқлашнинг янги механизмини жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусийлаштиришда таҳлилий ёндашув етарлича қўлланилмаётгани қайд этилди. Бундан буён мазкур жараён тармоқ ёндашуви асосида ташкил этилиб, ҳар бир соҳа алоҳида таҳлил қилиниши, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари баҳоланиши, рақобат муҳити ўрганилиши ҳамда таклифлар шу асосда ишлаб чиқилиши белгиланди.
Ҳудудларда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилди. Бу орқали 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага киритиш, бўш биноларни савдо ва ижарага чиқариш, шунингдек, сақлаш ва коммунал харажатларни қисқартириш имконияти яратилади.
Йиғилишда тадбиркорларга ажратилган, лекин иқтисодий айланмага тўлиқ киритилмаган ер участкалари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2022-2025 йилларда берилган 11,4 минг гектар ернинг 3,1 минг гектарида иқтисодий фаолият тўлиқ йўлга қўйилмагани таъкидланди.
Шу боис, ер участкаларининг ҳақиқий ҳолатини онлайн мониторинг қилиш, уларни тайёр лойиҳалар асосида аукционга чиқариш ва инвестиция киритиш шартини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун “E-auksion”, “Yerelektron”, Ўзбеккосмос агентлиги, “Шаффоф қурилиш” ва “UzKAD” каби ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда самарали фойдаланилмаётган ерларни аниқлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Ушбу ерларни иқтисодий айланмага киритишда жойлардаги ҳокимликларнинг ролини ошириш топширилди. Эндиликда тадбиркорлик мақсадлари учун ер майдонлари рухсат берувчи ҳужжатлари билан бирга тайёр бизнес лойиҳаси сифатида аукционга чиқарилади.
Шунингдек, йирик активлар, жумладан, “UzAuto Motors” ва унинг таркибидаги корхоналар, “Навоийазот”, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари ҳақида ахборот берилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигида рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ушбу тизим доирасида хусусийлаштиришнинг барча жараёнлари онлайн кузатиб борилади, давлат корхоналарининг молиявий таҳлили ва тушумларни тақсимлаш жараёнларига сунъий интеллект элементлари жорий қилинади.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, активлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.