Бугун 17 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Сурхондарёда Ўзбекистон энотуризми ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтмоқда

Сурхондарёда Ўзбекистон энотуризми ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтмоқда

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида «Ўзбекистон энотуризми ва миллий таомлари» фестивали бўлиб ўтмоқда. Тадбир Сурхон воҳасининг бой гастрономик мероси, узумчилик анъаналари, маҳаллий маҳсулотлари ва туристик салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган.

Фестиваль меҳмонлари Сурхондарё вилояти ҳудудларининг павильонлари, миллий таомлар, мева-сабзавотлар, узумчилик ва виночилик маҳсулотлари кўргазмалари билан танишмоқдалар.

Кўргазмаларда ҳудудларнинг ўзига хос маҳсулотлари, миллий қадриятлари, ҳунармандчилик намуналари ва анъаналари намойиш этилмоқда. Айниқса, Олтинсойнинг серҳосил узумзорлари, узум навларининг хилма-хиллиги ҳамда маҳаллий маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратилган.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Очилиш маросимида таъкидланганидек, бундай фестиваллар миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, маҳаллий маҳсулотларни оммалаштириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Фестиваль доирасида вилоятнинг 15 та ҳудуди ўзига хос миллий таомлар, мева-сабзавотлар, узум навлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этмоқда. Шунингдек, олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилган «Дунё таомлари ва халқлари» кўргазмаси, миллий спорт ўйинлари, фольклор-этнографик жамоалар чиқишлари ҳамда бренд ресторанлар тақдимотлари тадбир дастуридан ўрин олган.

Фестиваль иштирокчилари учун ташкил этилган концерт дастурида таниқли хонандалар, ансамбллар ва фольклор жамоалари чиқиш қилди. Бу эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлаб, меҳмонларга Сурхон воҳасининг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

Энотуризм, гастрономия ва маданий меросни ўзида мужассам этган фестиваль маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, туризм соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда Сурхондарёни жозибадор сайёҳлик маскани сифатида танитишга хизмат қилади.

Якуний гала-концерт доирасида турли номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Киритилди: 17:50 16.10.2026. Ўқилди: 409 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!