Сўровда қатнашган америкаликларнинг 52 фоизи ядровий келишувга эришишнинг имкони бўлмаган тақдирда ҳам, Эрон билан урушни якунлаш фойдасига фикр билдирди.
Бу ҳақда The Economist томонидан ўтказилган сўровнома натижалари далолат бермоқда.
Тахминан шунча миқдордаги респондентлар зарбаларнинг қайта бошланиши ҳам Теҳрон ядро дастурини тўхтатишга имкон бермайди, деб ҳисоблайди.
Агар томонлар Эрон ядро дастури бўйича келишувга эриша олмасалар, 37 фоиз аҳоли урушни қайта бошлаш тарафдори эканини айтган. Шу билан бирга, фақатгина 22 фоиз респондент Теҳрон ядро дастурини йўқ қилиш нуқтаи назаридан уруш "жуда муваффақиятли" бўлади деган фикрда.
Америкаликларнинг 55 фоизи Эрондаги урушни харажатлар ва эришилган натижалар нисбати нуқтаи назаридан ўзини оқламади, деб ҳисоблайди.
Сўровнома иштирокчиларининг 64 фоизи эса АҚШ раҳбариятининг урушни бошлаш ҳақидаги қарорини хато деб атаган.