Бугун 29 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Сурияда Башар Асад устидан суд бошланди

Сурияда Башар Асад устидан суд бошланди

Сурияда собиқ президент Башар Асад ва унинг ҳукуматида ишлаган амалдорлар иши бўйича 26 апрель куни биринчи тинглов бўлиб ўтди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.

Суриядан қочиб кетган Башар Асад ва унинг укаси Маҳер Асад устидан суд жараёни сиртдан олиб борилмоқда. Бироқ уларнинг қариндоши, собиқ хавфсизлик мулозими Атиф Нажиб суд залига қўли кишанланган ҳолда қатнашган.

“Биз Сурияда ўтиш даври адлия тизими доирасидаги илк суд жараёнларини бошламоқдамиз. Бу жараён қамоқда сақланаётганларни, суд залида ўтирган айбланувчиларни, одил судловдан яшириниб юрганларни ҳам ўз ичига олади”, деди судья Фаҳр ад-Дин ал-Арян мажлисни очар экан.

Суд органларидаги манбага кўра, ушбу жараёнлар Асад, унинг укаси ва Нажиб каби бошқа юқори лавозимли шахслар устидан ўтказиладиган асосий судларга тайёргарликнинг бошланишидир.

2025 йил январида, Асад ҳукумати қулаганидан сўнг Атиф Нажиб ҳибсга олинган эди. У 2011-йилда Дераа провинциясида сиёсий хавфсизлик бошқармасини бошқарган. Нажиб ушбу ҳудудда кенг кўламли қатағонлар ва ҳибсга олиш кампанияларига раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.

Суриядаги 13 йиллик фуқаролар уруши ярим миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва миллионлаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди. Ўн минглаб одамлар бедарак йўқолди, баъзилари қамоққа тушди. Янги ҳукумат Асад давридаги жиноятлар учун адолатни қарор топтиришга ваъда берган.

Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъа адолат ўрнатиш “давлат ва унинг институтлари интиладиган асосий мақсад” бўлиб қолишини айтди. Навбатдаги суд эшитуви 10 май кунига белгиланган.

Киритилди: Бугун 15:05. Ўқилди: 374 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!