Суриянинг янги расмийлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) инспекторларига Башар ал-Ассад ҳукмронлиги даврида ишлаган шубҳали ядровий иншоотларга зудлик билан рухсат беришга рози бўлди.
Бу ҳақда МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси Associated Press агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
Бир кун аввал МАГАТЭ раҳбари Сурия президенти Аҳмад ал-Шара ва ташқи ишлар вазири Асаад ал-Шайбоний билан музокаралар ўтказди.
Томонлар Дамашқда озиқ-овқат хавфсизлиги ва саратон касаллигига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи англашув меморандумини имзолади.
Гроссининг сўзларига кўра, халқаро регулятор "ўтмишда содир бўлган ва ядровий қурол билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган айрим ҳаракатларга тўлиқ ойдинлик киритмоқчи".
МАГАТЭ бош директори текширувлар бир неча ой ичида якунланишига умид билдириб, Суриянинг янги ҳукуматини "дунёга очиқлик ва халқаро ҳамкорликка содиқ" деб атади.