ХХI асрни ахборот ва технологиялар асри деб аташ бежиз эмас. Бугунги кунда дунё мамлакатлари ўртасидаги рақобат нафақат табиий бойликлар ёки ишлаб чиқариш ҳажми, балки замонавий технологияларни жорий этиш даражаси билан ҳам белгиланмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жамият ҳаётининг барча соҳаларига кириб бориб, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий ривожланишнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ҳамда ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар фуқароларга қулайлик яратиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва коррупсион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда кўплаб давлат хизматларини уйда ўтирган ҳолда интернет орқали олиш имконияти яратилгани бунинг яққол мисолидир.
Сунъий интеллект технологиялари эса инсон фаолиятининг янги босқичини бошлаб бермоқда. Ушбу технологиялар ёрдамида катта ҳажмдаги маълумотларни қисқа вақт ичида таҳлил қилиш, мураккаб ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва турли соҳалардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш имконияти яратилмоқда. Масалан, тиббиёт соҳасида сунъий интеллект касалликларни эрта аниқлашда, таълим тизимида эса ўқувчиларнинг билим даражасини таҳлил қилиш ва уларга индивидуал ёндашувни шакллантиришда қўлланилмоқда.
Иқтисодиётда ҳам рақамли технологияларнинг ўрни беқиёсдир. Электрон тижорат, онлайн тўлов тизимлари ва рақамли банк хизматлари бизнес юритишни анча осонлаштирмоқда. Бу эса тадбиркорлик ривожига, янги иш ўринлари яратилишига ва аҳолининг турмуш даражаси ошишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, замонавий технологиялар қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт соҳаларида ҳам самарадорликни сезиларли даражада оширмоқда.
Бироқ технологиялар ривожи билан бир қаторда айрим муаммолар ҳам юзага келмоқда. Жумладан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернет тармоғидан тўғри фойдаланиш масалалари бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шунинг учун аҳолининг, айниқса ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги ёшлар келажакда сунъий интеллект ва ИТ технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлган касбларда фаолият юритишлари эҳтимоли юқори. Шу сабабли улар замонавий билимларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши ва инновацион фикрлаш кўникмаларини ривожлантириши зарур. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган ИТ марказлари, технопарклар ва таълим дастурлари айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Уларни ҳаётга кенг татбиқ этиш орқали иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш, фуқароларга янада сифатли хизмат кўрсатиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини кучайтириш мумкин. Бу эса келажак авлод учун янада фаровон ва замонавий жамият қуришга хизмат қилади.
Садоқат Маликова