Бугун 15 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Starlink Украина ҳарбийлари учун интернет хизматини чеклаб қўйди

Starlink Украина ҳарбийлари учун интернет хизматини чеклаб қўйди

Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Starlink сунъий йўлдош алоқаси тизимига янги тезлик чекловини жорий этгани хабар қилинди. Бу айрим ҳарбий дронларни бошқаришда муаммолар келтириб чиқарган.

Бу ҳақда Украина президенти маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Starlink хизматининг ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган версияси соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланаётган қурилмаларда ишламай қолган.

«Мудофаа кучларимиз ушбу чеклов ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Натижада бир қатор операциялар издан чиққан. Бу қарор тасодифий эмаслиги ва ҳозирги сиёсий вазият билан боғлиқлиги аён», – деб ёзган Бескрестнов.

BILD маълумотига кўра, фронтнинг жануби-шарқий қисмида ҳаракатланаётган Украина 7-корпусига яқин манба ҳам Starlink тизимида узилишлар бўлганини тасдиқлаган.

Янги чеклов айрим учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришга салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари бир кечада Россия томонидан учирилган 39 та ракетадан фақат тўрттасини тутиб қолишга муваффақ бўлганини билдирган.

Бироқ ракеталарни тутиб қолиш натижалари билан Starlink чеклови ўртасида бевосита боғлиқлик борлиги тасдиқланмаган.

Ҳозирча SpaceX компаниясининг чеклов сабаблари ҳақидаги расмий изоҳи келтирилмаган.

Киритилди: 16:23 14.10.2026. Ўқилди: 386 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!